Миллат ва адабиёт учун яшаётган шоир – Хуршид Давронга бағишланган адабий кеча бўлиб ўтди

Сақлаш
11:02 / 22.02.2024 637 0

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ижодига бағишланган адабий кеча бўлиб ўтди. Унда таниқли шоирлар, ўқитувчи ва талабалар, шунингдек, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

 

– Хуршид Даврон чин маънода ватанпарвар ва жасорат шоиридир, – деди кечада сўзга чиққан Эшқобил Шукур. – “Умумий” ватанга мадҳ айтиш урф бўлган шўро даврида Хуршид Даврон ўз миллати ва Ватани тарихига жуда кўп мурожаат қилди, гоҳо ундан фахрланган бўлса, кўпроқ ёзғириб, қайғуриб ёзди. “Устимдан асрлар, мозийлар ўтар” деб ёзган битикларида боболар тоғдек виқорли, қоядек чўнг, булоқдек тоза қилиб тасвирлангани боис шеърхон бу сатрларни севиб қолади. Айниқса, унинг навқирон пайтларида ёзган “Қодирийнинг сўнгги сурати”, “Алпомишнинг қайтиши” каби шеърлари ўша пайтга нисбатан чинакам исён эди.

 

 

Адиб Орзиқул Эргашев Хуршид Давроннинг ўтган аср 90 йилларида яратган насрий ва тарихий-публицистик асарларига тўхталиб, “Самарқанд хаёли” китобига муҳаррирлик пайтида кафтида худди бир ҳовуч чўғни ушлаб тургандек ҳис этганини таъкидлади. Чунки китобдаги барча мақола ва ҳикоялар ҳали истибдод қиличини қайраб турган замонда юртни эркин ва озод кўриш иштиёқида ёнаётган ижодкорнинг дил нолалари эди.

 

Хуршид Даврон замонамизнинг нафақат забардаст шоири, балки улкан адиби, драматурги, сценарийнависи, муаррих олими ҳамдир. Муаллифнинг “Алғул”, “Амир Темур ўғлининг ўлими ҳақида ривоят”, “Бибихоним қиссаси ёхуд тугалланмаган достон”, “Навоий армони” ва бошқа кўплаб асарлари улуғ боболаримиз хотирасига қўйилган муносиб ҳайкал бўла олади. Шоирнинг яна катта хизматларидан бири, бу – “Хуршид Даврон кутубхонаси” сайтининг илк адабий-бадиий сайт сифатида фаолият бошлагани ҳисобланади. Ўтган йиллар мобайнида мазкур сайт халқимиз орасида атоқли ўзбек адиблари асарларини тарғиб этишдан ташқари, жуда кўплаб ёш истеъдодларни кашф этди.

 

 

Кеча сўнгида шоир Хуршид Даврон ўзининг янги шеърларидан намуналар ўқиш билан бирга, талабаларнинг саволларга ҳам жавоб берди. “Бугун ҳар доимгидан ҳам қийинроқ бир даврда яшаяпмиз. Аслида инсон ҳаётини осонлаштириш учун кашф қилинган, қўлланилаётган ҳар қандай техника киши қалбини тошлаштириб, онгимизни ишлатмаслик учун ҳам хизмат қиляпти. Шундай вазиятда ўзимизни, менимизни асраб қолиш учун кунда бир марта қирқ дақиқа ўзимиз, фикрларимиз, хаёлларимиз билан қолишни одат қилишимиз керак. Шунда биз ўзимизни таний бошлаймиз. Миллат, халқ тушунчалари шунчаки сўзлар эмас, улар ҳақида ёзиш учун ватан тарихини, кимлигимизни билишимиз, ўқишимиз, ўрганишимиз керак. мен кўпроқ тил ўрганмаганим учун афсус қиламан. Кўпроқ билсайдим, кўпроқ ёзардим, кўпроқ англатардим ўзбек ҳақида дунёга”, деди шоир.

 

 

Янгилик сифатида Хуршид Даврон “Самарқанд” номли китоб ёзмоқчилиги ва февралнинг сўнгги кунида, салкам йигирма йилдан сўнг шоирнинг янги китоби – “Баҳордан бир кун олдин” сайланмаси нашр этилишини айтиб ўтди. Умид қиламизки, севимли шоиримизнинг китоблари бундан сўнг давомли босиб чиқарилади.

 

 

Алпомишнинг қайтиши

 

Бепоён далада бир ботир ухлар,

Сочлари чатишиб кетган гиёҳга.

Қай садо ботирни яна қайтарар

Бу кўҳна, бу соқов, бу кар дунёга?

 

Мўйсафид табиблар гирдида ҳалак,

Дуогўй кампирлар уни қуршамиш.

Фақат уйқу аро тепинар юрак,

Бироқ кўзларини очмас Алпомиш.

 

Бургутлар чўқилаб узра гўштидан,

Булбуллар ин қурар киприкларига.

Учқур асрларнинг тезкор шаштидан

Чанг қўнар қирдай кенг кўкракларига.

 

Чоллар қайғуради: «Ким уйғотар, ким?»

Кампирлар йиғлайди: «Уйғонмас мангу!»

Шамоллар гувиллаб ўтар бетиним.

Бошида булутлар қотган беуйқу.

 

Хира кўзларини узмай уфқдан

Донишманд чолгина йўлга термилар

Ва айлар башорат:

«Уни уйқудан Уйғота олади фақат болалар».

 

1982

 

 Абдумажид АЗИМОВ,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси