Ҳурмат


Сақлаш
11:03 / 14.03.2024 0 427

Ҳурмат – маънавиятнинг муҳим кўринишларидан бўлиб, шахс қадриятлари, иззат-нафси тан олиниб қилинадиган муносабат, инсоний фазилат, шахсни, моддий ёки маънавий қадриятларни эъзозлаш ҳис-туйғусини англатувчи тушунча. Ҳурмат – қўполлик, сўкиниш, сурбетлик, кишини камситиш, хафа ва ҳақорат қилиш каби жамоатчилик томонидан инкор этилган, маънавиятга, маданиятга зид хатти-ҳаракатларни содир этишдан ўзини тия олишдир. Ҳурмат – катта ёшдагилар, ота-она, аёллар, устозлар, дўст, қўни-қўшнилар, ўз гуруҳи ва жамоаси, жамоатчилик мулкига нисбатан маънавий-ахлоқий муносабат, ижобий инсоний сифат ҳамдир. Меҳр-мурувват, саховат кўрсатувчи инсонлар ҳамиша эл олдида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлади. Ҳурмат соф ва ҳақиқий бўлиши керак. Бирор кишини бойлигидан умид қилиб ҳурмат қилиш ножоиздир. Инсонга ҳурмат одобнинг ёрқин тимсоли саналади. Инсонни ҳурмат қилиш – уни қадрлашдир. Инсонга ҳурматнинг биринчи белгиси бу – табассум билан самимий салом бермоқдир. Меҳнат жамоасига нисбатан раҳбарнинг ҳурмати жамоа аъзоларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиб бериши, жамоа ўртасида ҳар хил миш-мишлар тарқалиши, ғийбатчилик, порахўрлик, чақимчилик, лаганбардорлик, адолатсизлик, ноҳақлик каби иллатларга йўл қўймаслиги ва буларга нисбатан муросасиз бўлиши, ҳақ билан ноҳақнинг, ҳалол билан ҳаромнинг фарқини ажрата билиши, катта ёшдагилар ва аёлларни эъзозлаши, тарбиялилиги, хушмуомалалиги, кичикларга иззатли бўлиши, жамоанинг ҳар бир аъзосида фаол ҳаётий муносабатни шакллантиришга ҳаракат қилиши, адолатпарварлик, инсонпарварлик сингари ижобий маънавий сифатларга амал қилиши билан белгиланади. Ота-онани ҳурмат қилиш инсонпарварликнинг таркибий қисми бўлиб, у ҳар бир фарзанднинг, мусулмоннинг муқаддас бурчидир. Чунки одамлардаги виждон ва ор-номус ота-онанинг қадр-қимматини тушунишдан бошланади.

 

Ота-онани ҳурмат қилиш – уларни ранжитмаслик, жисми ва дилига озор бермаслик, меҳр-муҳаббат кўрсатиш, ғамхўрлик қилиш, бетоблигида ёрдам кўрсатиш, қўпол муомала қилмаслик, аксинча, ширинсўз, хушмуомала, меҳрибон бўлиш, кексалигида уларга яхши қараш ва боқиш сингари ижобий муносабатлардан иборат. Ислом дини ота-онани хафа ва норози қилишни ҳаром этган ва улкан гуноҳлар қаторида санаган. Қуръони Каримнинг ал-Исро сурасининг 23–24-оятларининг мазмуни қуйидагича: «Парвардигорингиз фақат Ўзига қуллик этишингизни ва ота-онага яхшилик қилишингизни қатъий ҳукм этди. Агар ота-онанинг бирлари ё иккиси ҳузурингизда кексаликка етса, уларга «уф» деманг ва қичқирманг. Уларга юмшоқ сўзланг! Уларга тавозеъли бўлинг! «Парвардигор, улар мени ёшлигимда тарбия қилганлари сабабли уларга раҳм эт!» деб уларни дуо қилинг». Абу Наср Форобийнинг ёзишича, «Афлотун инсон табиатидаги зарурий хислатларни ва уларнинг қарама-қарши жиҳатларини фарқлаш кераклигини тушунтиради. У «… агар инсон ўз мақсадига эришиб, ҳурматга сазовор бўлса-ю, аммо мақсадга эгрилик билан эришса, бу ҳам зарарли ҳисобланади» деб тушунтиради. Демак, ҳар бир инсон мақсадга ҳалол йўл, меҳнат билан эришиб, Ҳурмат-эътибор қозонишга интилиши лозим.

 

Қалби соф ва беғубор кишигина бошқалар ҳақ-ҳуқуқини ҳурмат қилади, ҳаммага тенг ва самимий ҳурмат кўрсатади. Одамлар бошқа мамлакатга борганида маҳаллий аҳолининг тили, дини, урф-одатлари ва тартибини ҳурмат қилиши ҳамда унга риоя қилиши керак. Бундай муносабат шу мамлакат аҳолисига нисбатан кўрсатилган ҳурмат ҳисобланиб, бошқа миллат маданияти, қадриятларининг қадрланишини англатади. Масалан, мусулмон давлатида тор, калта кийиб олган қиз ва йигитдан маҳаллий аҳоли норози бўлиши табиийдир, чунки бу ҳол миллий урф-одат ва маданиятга тўғри келмайди. Атрофдаги одамларнинг ҳурматига сазовор бўлиш кишига маънавий-руҳий озиқ, қувонч, яхши кайфият, кўнгилга таскин бахш этади. Ҳурмат инсониятга тинчлик, осойишталик, оилавий бахт, дўсту ёрлар садоқати, турмуш гўзаллигини таъминлайди, меҳнатга рағбатлантирувчи омил сифатида хизмат қилади. Ҳурмат ҳаётда инсонларнинг ўзаро ёрдам бериши жараёнида умумий мақсад ва қизиқишга эга жамоа аъзолари ўртасидаги муносабатда ривожланади ва улар ўртасида дўстлик, ишонч, севги, нафсоният, ўзлигини англаш, қадрлаш каби маънавий-ахлоқий сифатлар, туйғуларнинг камол топишига замин яратади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

14:07 / 11.07.2024 0 287
“Оқшом”ми, “ағшам”?

Биласизми?

18:06 / 25.06.2024 0 315
Машрабнинг “ўртар”и

Бир куни...

17:06 / 24.06.2024 0 220
Ажина исмли қиз



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 4463
Илк ватан

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 4253
Бир қоп ун

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3619
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 3245
Ўқиш пули

Қомус

10:04 / 19.04.2023 0 3179
Жадидчилик

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2788
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2705
Туғилган кун

//