“Катта оға” тарифи унга мос келарди” – Собир Ўнар портретига чизгилар


Сақлаш
17:02 / 21.02.2024 209 0

Истеъдодли ва инсофли адиб акамиз Собир Ўнарни мен “Катта оға” деб иззатлардим. “Э, қўйинг-э, катта оғалар даври ўтиб кетган”, деб куларди у. “Сиз ўзимизнинг катта оғасиз”, – бўш келмасдим мен ҳам. Бу таъриф унинг бўй-бастига, вазмин феъл-атворига, адабиётдаги ўрни-мавқеига ҳам мос келадигандай туюларди-да.

 

Собир ака “катта оға”лик мақомига талабалик даврларимиздаёқ эришган эди. Бир неча курс юқорида ўқиганлар унинг бағрикенг, қайсар, номусли йигит эканини айтиб юришарди. Бизлар бошланғич курс талабаси эканимизда, унинг “Кунсулувнинг сирли хатлари” ҳикояси “Ёшлик” журналида босилиб, катта шов-шув уйғотган, талабаларнинг ҳам ҳикояси босилар экан-да деб, анча-мунча ёшлар юрак ютиб журнал даргоҳига эшик қоқиб боришган, хуллас, журналистика факультетида биринчилардан бўлиб ёшлар учун “Ёшлик”ка йўл очиб берган танти ижодкор десам, янглишмаган бўламан.

 

 

Бизлар иккинчи босқичга ўтганимизда уларнинг курси университетни битирди. Собир ака “Ёшлик” журналида ишлай бошлади. Шу-шу, деярли умрининг охиригача журналга содиқ бўлиб қолди. Аввал хатлар, публицистика, наср бўлимида ишлаб, бош муҳаррирликкача бўлган меҳнат йўлини босиб ўтди.

 

1993 йил ёзида ётоқхоналар таъмирлашга ёпилиб, шундай масканларда норасмий “ижара”да турадиган бир қанча ёшлар кўчада қолдик. Ҳар ким ҳар жойдан қўним топди. Истеъдодли шоир, барчага ёрдамлашиб юрадиган беминнат акамиз Ўрол Ўзбек Қорақамишнинг охиридаги қурувчилар ётоқхонасида бир неча кун яшасам бўлишини айтди. У ерни топиб борганимизда, йўлнинг чап томонида анча путурдан кетган тўрт қаватли бир уй кўринди, ётоқхона шу экан. Талабалар шаҳарчасидаги ётоқхоналарнинг ўзгинаси. Ўрол Ўзбек у ернинг табиатини мақтайвериб эси кетди, ҳақиқатан ҳам, кеч кирганида ғириллаб салқин шабада эсиб, атроф чирилдоқлар овозига тўлиб кетди, ётоқхона ортидаги бийдай дала узра ой чиқиб келди.

 

...У жаннатмакон жойнинг чивинларини айтсангиз!

 

– Томда ётсаям бўлаверади, маза қиласиз, – деди Ўрол ака.

 

У ерда Собир ака, Ҳошимжон Мирзааҳмедов ва Ўрол Ўзбек истиқомат қилишар экан. Хуллас, бир неча кун уларнинг дастурхонига шерик бўлдик, кейин яқинроқдан бошқа арзонроқ жой топиб, чиқиб кетдик. Шундан буён суҳбатлашиб қолсак, ўша кунларни кўп эслашардик.

 

Боя айтганимдек, мен Собир Ўнарни “катта оға” деб атардим. Ўзи “катта оға”лар икки киши эди – Собир Ўнар, Фахриддин Низом. Иккалови ҳам ўзларидан уч-тўрт ёш кичик ҳаваскор йигитчаларга оғаларча ғамхўрлик қилишганини кўпчилик эслаб юрса керак. Ҳамма ҳар жойда бир амаллаб кун кечириб юргани билан, оғалар орасида Собир ака анча-мунча “ини”ларга жонкуяр бўлгани рост.

 

Собир ака билан кўп бор ҳамсуҳбат бўлганмиз, тўй-маросимларида қатнашганмиз. Ҳалол, виждонли адиб эканига кўп бора гувоҳ бўлганмиз.