«Напалеон» фильми нега танқидларга учради? Ўтган йилнинг энг шов-шувли фильми режиссёрининг 4 хатоси


Сақлаш
17:02 / 21.02.2024 186 0

Тарихий шахслар ҳақида фильм суратга олиш ҳар доим мураккаб бўлган. Айниқса, тарихий шахс саркарда, етакчи, император бўлса масъулият ва талаб янада ортади. Зеро, етакчиларнинг ҳарбий юришлари, жанг саҳналарини суратга олиш мураккаб ижодий ва техник жараённи талаб қилади. 2023 йилда жаҳон кинематографиясида мана шундай иккита йирик тарихий эпик биографик фильмларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Булар Кристофер Ноланнинг “Оппенгеймер” ва Ридлик Скотнинг “Наполеон” фильмларидир.

 

Дунё тарихида ўз сўзини айта олган буюк саркарда – Наполеон Бонапарт (“Уруш ва тинчлик” 2016, “Буюк жанг” 2007, “Наполеон” 2002, “Европа асири” 1989, “Наполеон ва Жозефина. Муҳаббат тарихи” 1987, “Бонапарт ва давлат тўнтарилиши” 1972, “Ватерлоу” 1970, “Уруш ва тинчлик” 1965, “Аустерлис” 1960, “Наполеон” 1954, “Наполеон” 1927) ҳақида қатор бадиий, ҳужжатли фильмлар суратга олинган. Аммо Ридлик Скотнинг “Наполеон”и улардан ўзгачароқ, яхшироқ бўлиши кутилганди, бироқ бу кутувлар ўзини оқлолмади. Хўш, кўпгина шов-шувларга сабаб бўлган ва тақдимотдан сўнг киношунослар томонидан танқид қилинган фильмнинг асосий камчиликлари нималардан иборат эди? Бунга қадар ўттиз олтита фильмда режиссёрлик қилган Ридли Скот қаерда адашди?

 

 

Биринчи хато. Актёр – фильмда марказий фигура. Агар у бош қаҳрамон бўлса танловда адашиш кечириб бўлмас хатога айланади.

Ридли Скот навбатдаги катта лойиҳасига яна Хоакин Фениксни таклиф этди. Афсуски, олдинги ижодий ҳамкорликнинг (“Гладиатор” 2000, Коммод) муваффақияти бу сафар такрорланмади. Хоакин Феникс 25 ёшлар атрофидаги Наполеон ва унинг етук саркарда сифатида танилаётган давридаги кечинмалари, руҳияти, тарихий шахснинг сажияси, ички ва ташқи ҳолатини томошабинга тушунтириб, кўрсатиб, очиб беролмайди.

Жозефина-Ванесса Кирби Наполеондан 6 ёш катта бўлган бева бўлган. Ридли Скот томошабинга таклиф этган Напелон ва Жозефина эса бунинг акси. Фильмда Наполеон анча катта ёш вакили, тахминан 50 ёшлар атрофида, Жозефина эса 30-35 ёшлардаги аёлни тасвирланади. Қаҳрамонлар ёшидаги айни номутаносиблик ҳам кўплаб томошабинлар эътирозига сабаб бўлди.

 

 

Иккинчи хато. Тезлаштирилган воқеалар. Кўп нарса ваъда қилиниб, деярли ҳеч нарса қилинмаган. 

Албатта фильмда воқеалар тафсилотининг тезлаштирилгани, характерлар тўлақонли очиб берилмагани режиссёрнинг энг катта камчиликларидан яна биридир. Шу жойда Ридли Скотнинг техник имкониятлари, тасвирий ечимлар билан боғлиқ қатор ютуқларини ҳам таъкидлаш жоиз. У тасвирга олиш жараёнларини имкон қадар тезлатиш мақсадида ҳар бир дублни 8 та, ҳар бир жанг эпизодини эса 11 та камерада суратга олган. Лекин мазкур кадрлар маълумотларнинг кўплигидан ниҳоятда тез ўтиб кетади. Картинада тарихий воқеалар, императорнинг босиб ўтган ҳаёт йўли, жанглари шунчаки хронологик кетма-кетликда санаб кетилган. Натижада воқелик(жанглар, юришлар, сулҳлар, келишувлар)ни тушуниш учун интернет ёки қўшимча манбалардан маълумотлар қидира бошлайди томошабин. Балки бу ҳам Наполеон шахси билан боғлиқ маълумотларни яна бир бор кўздан кечиришга сабаб бўлиши билан яхшидир...

 

Воқеалар кўлами кенглигидан икки ярим соатга сиғмаган. Тўғрида, шунча маълумот, шунча воқеани жуда тез айтиб ўтган тақдирда ҳам уларни икки соатга сиғдириш мушкул эди. Айнан мана шу хронаметражга қизғониш натижасида фильмнинг сифати яна бир поғонага тушган.

 

 

Учинчи хато. Характерларга тўғри урғу берилмаган. Қаҳрамон характери тўғри очилмас экан уни томошабин қабул қилолмайди.

Наполеон тарихда деярли танқид қилинмаган, у доимо ақлли раҳбар, кучли саркарда, зийрак инсон сифатида таърифланади. Шу боис ярим йил давомида тарғиботи олиб борилган тарихий фильмни кўриш учун ошиққан томошабин ундан аниқ ва кучли стратегияга эга, қатъиятли раҳбар ва нотиқ лидерни қидиради. Таассуфки, унинг ҳаракатлари содир бўлаётган шиддатли воқеалар оқимида қаҳрамонни тушунишга уриниш билан якунланади.

 

Тарих китобларида, ҳатто интернет манбаларида Наполеон ҳаёти давомида битта роман ёзгани, Франция академиясининг академиги, тенгсиз саркарда, иқтидорли давлат раҳнамоси, математекадан билимдон шахс, моҳир шахмат устаси ва ўйинчиси бўлгани таъкидланади. Наполеон дақиқасига икки мингта сўз ўқий олган. Кўриниб турибдики, у мактабда яхши ўқиган, зеҳни ўткир, дунёқараши кенг, китобсевар инсон. Бундайлар эса Ридлик Скот таклиф этаётган қаҳрамондек ҳадеганда аёл киши қаршисида “минғиллайвермайди”. Ўн олти ёшидан ҳарбий хизматга кирган, йигирма тўрт ёшида генерал, ўттиз беш ёшида император бўлган Наполеон аниқ қатъиятли, иродали ва бир сўзли инсон бўлган. Хоакин Феникс ижросидаги Наполеон эса ўта совуққон, муҳаббат олдида ҳамма нарсани унутиб қўювчи, йиғлоқи ва қатъиятсиз киши сифатида гавдаланади. Негадир император Жозефина олдида бўш-баёв, ожиз инсон сифатида талқин қилинган. Бу режиссёр талабими ёки актёр талқини, ҳар икки ҳолатда ҳам айни ечим нотўғри қарор эди. Чунки тарихда Жозефина Наполеонга мотивация берган, уни руҳан қўллаб-қувватлаган бўлиши мумкин. Аммо Наполеон шахсиятининг ўзи ҳам табиатан баланд руҳли, кескир сўзли, иродаси кучли бўлган.

 

Фильмда Ридли Скотнинг Наполеон шахсияти ҳақида томошабинга айтмоқчи бўлган фикри ноаниқ қолган. Бундан ташқари, нафақат Наполеон шахси каби унинг атрофидаги Жозефина-Ванесса Кибри, Пол де Баррас-Тахар Рахим, Арман де Коленкур-Бен Майлз, Мария Антуанетта-Кетрин Уокер каби кўплаб қаҳрамонларнинг ҳам характерига аниқлик киритилмаган. Уларнинг ҳаёт линиялари очиқланмай мавҳумлигича қолдириб кетилаверган.

 

Тўртинчи хато. Қаҳрамон бутун воқеалар тизгинида ёлғиз қолади. Унинг атрофида дўстлари йўқ.

Фильмда катта ижодий гуруҳ, кўплаб жанглар, жанговар юришлар тасвирланади. Наполеоннинг ҳаёти билан боғлиқ ўнлаб йирик воқеалар тафсилоти санаб ўтилади. Лекин қаҳрамоннинг атрофидаги яқинлари, дўст ва душманлари ҳақида, уларнинг характери, истаклари, манфаатлари деярли очиқланмаган. Наполеон кимлар билан дўст, ҳаммаслак эди? Уни юртидан сургун бўлиши, умрининг охирги йилларида бошига тушган ташвишларига атрофидаги инсонларнинг қанчалар таъсири бўлган? Бу саволлар фильмда очиқланмаган. Натижада Наполеон бутун фильм давомида ёлғиз, ўз ёғига ўзи қоврилиб юраверади.

 

Картинадаги хатолар билан бирга, ютуқларини таъкидлаш ҳам жоиз. Фильмда оммавий саҳналар, жанг, эпизодлар моҳирона суратга олинган. Бутун картина давомида оператор Дариуш Волскийнинг ҳам техник, ҳам ижодий маҳорати яққол намоён бўлади.

 

 

Ридли Скот танқидларга жавобан фильмининг беш соатга яқин тўлиқ режиссёрлик версиясини ҳам тақдим этиш нияти борлигини айтди. Мазкур тўлиқ вариантда Наполеон ва Жозефинанинг танишуви, уларнинг ўзаро муносабатларига эътибор кучайтирилган, дейди. Демак, яна ўша такрор муҳаббат линияси. Ҳолбуки, Наполеоннинг ҳаётида романтикадан бошқа рўй берган жуда шиддатли, кескин, драматик воқеалар кўп бўлган. Унга қарши кучлар, душманларнинг кутилмаган зарбалари, дўстларининг хиёнатлари ҳақида ҳам кўрсатилиши картинани қизиқарлироқ, бойроқ қиларди. Наполеон ҳақидаги эпик тарихий биографик фильм унинг шахсияти, ички кечинмалари, олимлиги, халқпарвар ва ватанпарвар инсон сифатидаги қиёфасини очиб бериши керак эди. Фильмга билдирилаётган турфа хил муносабатларга қарамай асар дунё кинематография тарихига кирди ва миллионлаб инсонлар томонидан томоша қилинди. Шу маънода картинани Наполеон ҳақидаги тўлиқ ҳақиқатлар тасвири деб эмас, балки режиссёр Ридли Скотнинг император тўғрисидаги шахсий қарашлари акси деб қабул қилиш тўғрироқ бўлади, бизнингча.

Омина АЗИЗОВА,

Санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

18:04 / 18.04.2024 0 25
Эй қариндошлар!





Кўп ўқилган

Барчаси