Бурҳониддин Марғиноний


17:07 / 11.07.2023 513 0

Марғиноний, Бурҳониддин (1123 йилда туғилган) – Шарқ Уйғониш даври қомусий алломаларидан бири, жаҳон маданияти ва илм-фанига қўшган ҳиссаси бутун дунёда эътироф этилган буюк сиймо – Абул-Ҳасан Али ибн Абу Бакр ибн Абдул Жалил ал-Фарғоний ар-Ришдоний Марғиноний. Уни «Бурҳон уд-дин ва-л-милла» деган ном билан ҳам аташган. «Милла» олимни улуғлаб, уни мусулмон дунёсидаги халқлар ҳамда ислом динининг далили, исботи деб мадҳ этишдан келиб чиққан. Бурҳониддин Марғинонийнинг туғилган Ватани бугунги Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидаги Риштон қишлоғи бўлиб, Марғилоннинг Пирсиддиқ маҳалласида ҳам 13 йил яшаган ва шу ерда ўзининг машҳур «Ҳидоя» китобининг биринчи қисмини ёзиб тугатган. Умрининг сўнгги йилларини Самарқандда ўтказиб, ушбу китобни 1178 (ҳижрий 573) йилда ёзиб битирган. Шомий «Радул мухтор»да ёзишича, Марғиноний 400 га яқин Муҳаммад номли фақиҳлар дафн этилган Самарқанд шаҳрининг Муҳаммадийлар қабристони («Турбатул-Муҳам мадийин») ёнида дафн этилган. Марғиноний ёшлик чоғларидаёқ Қуръони Каримни ёд олиб, ҳадисларни чуқур ўрганади ва 1149 (ҳижрий 544) йилда муқаддас ҳаж сафарига боради. Илмга қизиқиш Марғинонийни узоқ сафарларга бориб, ўша даврнинг асосий фанлари бўйича етук алломалардан таълим олишга ундаган эди. Ана шу интилиш уни ислом оламининг ҳанафий мазҳаби бўйича буюк фақиҳи ва ҳуқуқшунос алломаси даржасига кўтарган эди. Марғиноний яшаган замон – Шарқ Уйғониш даврининг биринчи босқичи бўлмиш X–XII асрларда Мовароуннаҳр заминида илму фан гуркираб ривожланган, жамият тараққиёти учун ислом ҳуқуқини тўғри англаш ва амал қилиш муҳим ижтимоий заруратга айланган эди. Бурҳониддин Марғиноний эса ўз асарларида ўша замонларда мўмин-мусулмонлар дуч келадиган долзарб ҳаётий масалалар, жумладан, оилавий ва ижтимоий муносабатлар, мулкчилик, савдо-сотиқ, жиноят ва жазо, инсоннинг бурч ва масъулиятларига тааллуқли кўп-кўп мураккаб муаммоларни исломий ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳал этиб берган эди.

 

Фиқҳ илми бўйича, у ёзган асарлар, айниқса, «Ҳидоя» китоби, ўша даврда мавжуд ҳамда катта амалий аҳамиятга молик бўлган кўплаб ҳуқуқий муаммоларни ечиб беришга қаратилган ва бу йўналишдаги ўзига хос қулайликлари билан барчанинг эътирофига сазовор бўлган эди. Котиб Чалабий, Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий, «Ҳидоя»нинг айрим шарҳловчилари, шунингдек «Ислом Қомуси» муаллифлари томонидан берилган маълумотларга кўра, Марғиноний фиқҳ масалаларига оид яна ўндан зиёд мукаммал асарлар яратган. Унинг бизга қадар қуйидаги асарлари етиб келганлиги манбаларда қайд этилади: «Нашрул мазҳаб» («Мазҳабнинг тарқалиши»); «Китоб ал-маносакул-ҳаж» («Ҳаж маросимлари ҳақида китоб»); «Китобун-филфароиз» («Мерос ҳуқуқи бўйича китоб»); «Китоб-аттажнийсу валма зийд» («Илмни зиёда қилувчи китоб»); «Мухторотун навозил» («Мажмуъ ун-навозил») – («Нозил бўлган нарсалар мажмуаси»); «Китоб ул-машойих» («Шайхлар ҳақидаги китоб»); «Мазийдун фи фуруъил-ҳанафия» («Ҳанафий мазҳабига қўшимчалар»); «Шарҳ ал-Жомий-ал-Кабир Муҳаммад аш-Шайбоний» («Аш-Шайбонийнинг «Жомиъул-кабийр» асарига шарҳ»); «Бидоят ул-мубтадиъ» («Бошловчилар учун дастлабки таълим»); «Кифоятул-мунтаҳий» («Якунловчилар учун тугал таълим»). «Бидоят ул-мубтадиъ» асари учун ёзилган 8 жилдлик шарҳ; «Ҳидоя» («Кифоятул-мунтаҳий» асари учун ёзилган 4 жилдлик шарҳ). Лекин ўрта аср фақиҳларининг кўпгина асарлари каби, Бурҳониддин Марғинонийнинг ҳам асарларининг ҳаммаси бизгача тўлиқ етиб келмаган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти Қўлёзмалар хазинасида алломанинг бир қатор асарлари қўлёзма нусхалари бор: «Бидоятул-мубтадиъ» – тартиб рақами 3895, «Мажмаъ мухторот ан-навозил» – 4624, «Ҳидоя фи ал-фиқҳ» – 11497 (4 нусха), «ал-Кифоя фий шарҳ Ҳидоя» – 3618, «Ҳидоя фи ал-фуруъ» – 11046 (33 нусха). Шарқда «Ҳидоя» номи остида асарлар яратиш анъанаси мавжуд бўлган. «Ал-ҳидоя» арабча сўз бўлиб, «Тўғри йўлдан олиб бориш», «Ишончли қўлланма» маъносидадир. Марғиноний назарда тутган ҳуқуқий масалаларни ёритиш учун фиқҳнинг асосий манбалари, ундан кейин Имоми Аъзам Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеъий, имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг асарлари, Шайбонийнинг «Зоҳирур-ривоя» деб аталган китоблари («Мабсут», «Зиёдот», «Жомиъус-сағийр», «Жомиъул-кабийр», «Сияр ус-сағийр», «Сияр ул-кабийр»), Абу Юсуфнинг «Китоб ул-хирож», «Адаб ул-қозий», Абу Ҳанифа ва ибн Лайло орасидаги ихтилофлар, Авзоъий, Анас ибн Моликнинг айрим ҳуқуқий масалалар бўйича билдирган фикрларга ёзилган рад китоблари, имом Зуфар, Шайхул-ислом ибн Таймия ибнул-Жавзий асарлари, шунингдек улардан кейин ислом ҳуқуқининг асосий соҳаларида, турли мазҳаблар бўйича жуда кўп асарлар ёзган йирик фиқҳ илми мутахассис олимлари қолдирган сон-саноқсиз китоблар ва тўпламларни варақлаб чиқиб, уларда билдирилган фикру мулоҳазаларни бир-бири билан солиштириб, энг тўғри, маъқул ҳамда ҳаётга мос келадиган хулосаларни чиқариш талаб этилар эди. «Ҳидоя» тўрт жилддан иборат бўлиб, унинг ҳар бир жилди турли муаммоларнинг ҳуқуқий ечимига бағишланган. Марғинонийнинг «Ҳидоя» асари эса ана шу туйғуларнинг тўғри парвози учун йўл очиб, ўз даврига оид ҳуқуқий масалаларни ихчам, тушунарли, содда ва энг муҳими ҳар қандай табақадаги одамнинг англаши осон бўлган услубда ҳамда жуда кенг миқёсда тадқиқ этиши билан ажралиб турган. Ҳуқуқий масалалардаги айрим муаммолар бўйича ечимлар бўлмаган ёки уларни ечишнинг мураккаб услублари амал қилган ва бу мураккаблик нафақат оддий аҳоли балки илмдан яхши хабардор одамлар учун ҳам қийинчилик туғдирган бир замонда Марғинонийнинг «Ҳидоя» асари барчанинг айни муддаоси сифатида майдонга келган ва жуда тез тарқалган эди. Шу жиҳатдан ҳам унинг нафақат Марказий Осиё балки бутун мусулмон олами маънавиятининг ривожланишига таъсири катта бўлган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш