Мусо ал-Хоразмий


11:12 / 01.12.2023 397 0

Хоразмий, Мусо (783. Хоразм – 850. Бағдод) – тўлиқ номи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ал-Маъжусий бўлиб, математик билимлар тарётида ўчмас из қолдирган буюк аллома. Хоразмий дастлабки билимларини Хоразмда олган. Отаси сарой аъёнларидан бўлганлиги, халифа Ҳорун ар-Рашид (ҳукмронлик даври 786– 809-йил)нинг ўғли Маъмуннинг Хоразмга (802–805 йил) ноиб этиб тайинланганлиги ва ўзига тенгдош Хоразмийни яқин сафдошлари сафига қўшганлиги бўлажак олимнинг кейинги тақдирида ҳал қилувчи роль ўйнади. 805-йилда Маъмуннинг Бағдод халифалигининг энг қудратли ўлкаси бўлган Хуросонга ҳоким этиб тайинланиши (пойтахти Марв шаҳри) Хоразмийнинг ҳаётида муҳим давр эди. Маъмун Бағдодда «Байт ул-ҳикма» (илмлар уйи)га асос солиб, ўз даврининг етук олимлари, таржимонлари, шоиру фузалоларига ҳомийлик қила бошлади. «Байт ул-ҳикма»га дўсти Хоразмийни бошлиқ қилиб тайинлади. Хоразмий бу лавозимда умрининг охиригача фаолият олиб борди. Олимга дастлабки буюк шуҳратни «Ҳисоб ал-Ҳинд» («Ҳинд ҳисоби») номли рисоласи олиб келди. Мазкур рисолада жаҳон фани тарихида биринчи марта ўнлик позицион система ва унинг амалий аҳамияти ҳақида сўз борди. Хоразмийнинг ўнлик позицион системаси инсониятга чексиз қулай имкониятлар яратиб берди. Агар мазкур саноқ системаси бўлмаганида илмий тафаккур бу даражада такомил топиши амри маҳол бўларди. Масалан: 1180 703 051 492 863 рақами ўрта аср ислом олами ва Европада «Минг минг минг минг минг беш марта ва минг минг минг минг тўрт марта ва саксон минг минг минг минг тўртта ва етти юз минг минг минг уч марта ва уч минг минг минг уч марта ва эллик бир минг минг икки марта ва тўрт юз минг ва тўқсон икки минг ва саккиз юз олтмиш уч» деб ўқилган ва ёзилган. Сонларни бу тахлитда ўқиш ва ёзиш математика фанининг, қолаверса, математика билан боғлиқ, барча фанларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётган эди.

 

Хоразмий тўққиз белгидан иборат ҳинд рақами ёрдамида чексиз миқдорларни қайд этувчи ва уни осонлик билан ифодаловчи саноқ системасини кашф этди. Ҳиндларнинг тўққиз белгидан иборат рақамлар тизими мукаммал саноқ тизимига айланиши учун «0» («цифр») кашф этилиб, ўз ўрнига қўйилиши керак эди. Хоразмий томонидан «0» (нул-сифр)нинг кашф этилиши инсоният илмий тафаккурининг беқиёс улкан ютуқларидан биридир. Хоразмий томонидан ёзилган «Ҳисоб ал-Ҳинд» китобида энг муҳим олтита арифметик амаллар – қўшиш, айириш, кўпайтириш, бўлиш, даражага кўтариш ва квадрат илдиз чиқариш кабилар ишлаб чиқилган ва уларнинг услуб ҳамда қонуниятлари кашф этилган эди. Хоразмийнинг яна бир буюк хизмати алгебра фанини кашф этганидир. Алгебранинг мустақил фан сифатида вужудга келиши ва ривожланиши бевосита Хоразмий фаолияти билан боғлиқ. «Алгебра» атамасининг ўзи Хоразмий томонидан ёзилган «Ал-китоб вал мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ваал муқобала» («Ал-жабр ва ал-муқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб») номли рисоладаги «ал-жабр» сўзининг лотинча талаффуз ифодасидан келиб чиққан. Бу асар бир неча ўнлаб лотин ва бошқа Европа тилларига таржима қилинган. Алгоритмлар назариясини ҳам Хоразмий номи билан боғланганлиги, ҳатто, «Алгоритм» атамаси ҳам лотинчада ифода этилган «Dixi Algoritmuk» («дедики ал-Хоразмий») сўзидан келиб чиққанлигини ҳеч ким инкор этолмайди.

 

Алгоритм тушунчаси ҳозирги замон кибернетика, ЭҲМ (электрон ҳисоблаш машинаси) ва ҳозирги замон информацион технология ҳамда жараёнларнинг асосий категориясига айланди. Хоразмийнинг геогрофия, тарих, астрономия фанлари соҳалари бўйича қилган хизматлари беқиёс. Халифа Маъмун олимлар олдига Осмон ва Ернинг тўлиқ харитасини тузишни вазифа қилиб белгилаган. Хоразмий бу ишларга бевосита раҳбарлик қилган. Хариталар «Мажмуи ал-Маъмун», «Дунё харитаси» номи билан юритилган ва у 840 йиллар атрофида ниҳоясига етказилган. Шу муносабат билан Хоразмий жўғрофияга оид «Китоби сурат ал-арз» номли асар яратган. Бу асарнинг ягона нусхаси (қўлёзма ҳолида) Қоҳирадан топилган. Баъзи манбаларда кўрсатилган 22 та харитадан фақат 4 таси сақланиб қолган. Хоразмий ер юзини «Авесто» таълимоти бўйича 7 иқлимга бўлиб ўрганишни тавсия қилади. Хоразмийнинг юлдузлар жадвали фанда «Хоразмий зижи» номи билан машҳур. Мазкур жадвалнинг тахминан учдан бир қисми ал-Фарғоний зижида тўлиқ берилган бўлиб, Фарғоний асарлари орқали Европага кенг тарқалган. Унинг тарихга оид асарлари, хусусан, «Хоразмнинг машҳур кишилари» номли асар ёзганлиги ва бу асардан Абу Райҳон Беруний тўртта кўчирма олганлиги маълум. Хоразмий ўрта асрларда етишган ўзбек маданияти классиги, ўзбек фанининг илк тамал тошини қўйган энг буюк аждодларимиздандир. «Хоразмий ўз асарлари билан Шарқ ва кейинроқ Европа риёзиёт илмига асос солди». (С.Толстов). Америкалик машҳур шарқшунос олим Д.Сартон «Хоразмий барча замонларнинг энг улуғ математикларидан биридир… Жаҳон фани тарихининг IX аср биринчи ярмини ҳеч муболағасиз Хоразмий даври деб аташимиз лозим», – деган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш