Аҳмад ал-Фарғоний


11:12 / 01.12.2023 636 0

Фарғоний, Аҳмад – VIII–IX яшаб ижод этган, нафақат Осиё мамлакатлари, балки бутун дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир. Тарихий манбаларда унинг номи Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Фарғоний тарзида қайд этилади. Фарғонада туғилиб ўсган, вояга етган, ўша замоннинг Шарқидагина эмас, балки бутун дунёда илм-маърифат маркази бўлган Бағдод шаҳридаги «Байт ул-ҳикма» илмгоҳида фаолият кўрсатган. «Байт ул-ҳикма» аслида мусулмон дунёсининг Фарғоний вазифасини бажарган. Фарғонийнинг туғилган йили номаълум, лекин у ал-Хоразмийдан 11 йил кейин, 861 йили оламдан ўтган. Фарғонийнинг илмий асарлари кўплаб тилларга таржима қилиниб, асрлар оша турли мамлакатларда нашр этилган. Фарғонийнинг асосан олтита китоби дунёга маълум ва машҳур. «Китоб фи усул илм ан-нужум», яъни «Фалакиёт илмининг усуллари ҳақида китоб». Рисоланинг асл қўлёзмалари матни бир хил бўлса-да, беш ном остида сақланмоқда, яъни: «Алмажистийга бағишланган фалакиёт рисоласи», «Фалак сфералари сабабияти», «Алмажистий» (Птоломейнинг «Алмагест» асари), «Илм ал-хайъа» «Фалакиёт илми» деб ҳам аталади. Бу қўлёзмалар Англия, Франция, АҚШ, Марокаш, Миср ва Санкт-Петербургда сақланмоқда ва тадқиқотчилар диққат-эътиборидадир. Асар 1145 йили Иоанн Севил, 1175 йили Ҳерард Кремон томонидан лотин тилига таржима қилинган ва 1193, 1422, 1537, 1590, 1910 йилларда Гоол, Региомонтон, Шёнер, Христаман, Кампани каби олимлар томонидан Европанинг турли мамлакатларида чоп этилган. Фарғоналик бу фозил зотнинг «Астрономия асослари» номли шоҳ асари ўн иккинчи асрдаёқ лотин ва иврит тилларига таржима этилган эди.

 

Европада китоб нашр этиш бошланган XV асрда эса бу асар Италияда, кейинчалик Германия, Франция, Голландия ва АҚШ каби мамлакатларда қайта-қайта чоп қилингани унинг нақадар юксак аҳамиятга эгалигини кўрсатади. Инсон тафаккурининг бебаҳо маҳсули бўлган бу китоб асрлар давомида астрономия фани бўйича ўзига хос қомус вазифасини ўтаган. Дунёнинг энг нуфузли дорилфунунларида ундан асосий дарслик сифатида фойдаланиб келинган. «Ал-Фарғоний жадваллари» асарининг қўл ёзмаси Ҳиндистонда, «Ой Ернинг устида ва остида бўлганида вақтни аниқлаш рисоласи»нинг қўлёзмаси Қоҳирада сақланмоқда. «Устурлоб билан амал қилиш ҳақидаги китоб»ни ҳинд олимлари сақлаб келишмоқда. «Етти иқлим ҳисоби» асарининг қўлёзмаси Германияда, «Устурлоб ясаш ҳақидаги китоб» қўлёзмасининг тўртта нусхасини Берлин ва Париждан топиш мумкин. Уни 1919 йили Видеман немис тилида нашр этган. Илмий асарлар, одатда, адабий асарларга қараганда тезроқ эскиради, ҳатто замонамизда яратилган илмий китобларнинг баъзилари эскириб қолганлиги сир эмас. Улар тарихий-илмий қимматга эга бўлиб қолишган-у, лекин қайта нашр қилиниши тақозо этилмайди. Аммо Фарғоний китоблари XII, XVI ва XХ асрларда қайта-қайта чоп этилгани, уларнинг ниҳоятда ўлмас асарлар эканлигидан далолат беради. Аҳмад ал-Фарғонийнинг Ернинг шарсимон шаклга эгалиги борасидаги қарашларини орадан саккиз юз йил ўтиб амалда исботлаган машҳур сайёҳ Христофор Колумб Ер меридианининг бир даражаси миқдори ҳақидаги ал-Фарғоний ҳисобларининг тўғрилигига тўла ишонч ҳосил қилдим, деган дастхат қолдирган. Гелиоцентризм назариясининг пайдо бўлишидан анча илгари Фарғоний Ер энг кичик юлдуздан ҳам кичикдир, деган фикр билан майдонга чиқади ва буни Ер радиусининг осмон радиусига қараганда кичик экани билан изоҳлайди. Атоқли астроном Ян Гевелий томонидан 1647 йили нашр қилинган «Селенография» китобида Ойдаги кратерлардан иккитаси икки буюк ватандошимиз – Аҳмад ал-Фарғоний ва Мирзо Улуғбек номи билан аталади. Фарғоний Ер ёйининг қайси узунлиги 1 даражага тўғри келишини ўлчаб, бу миқдорни аниқлади ва уни 360 га кўпайтириб, 40 минг 800 километрни ҳосил қилди. Ер меридианининг ҳоз. замон илмий асбоблари ёрдамида ўлчанган узунлиги 40 минг 8 километр чамасидир. Ўртадаги хато ниҳоятда камлиги бугунги кунга қадар жаҳон илм-фан аҳлининг Фарғоний даҳосига тасанно айтиб келишига сабаб, дейиш мумкин. Қадимги замон ва ўрта асрларда Қуёш ҳамда Ой йиллари, шунингдек, мусулмон мамлакатларида Шамсий ва Қамарий йил ҳисоблари, кабиса йилини чиқариш, йиллар, эралар бошланишини белгилаш масалалари фақат Қуёш, Ой ва Ер ҳаракатларидаги ўзаро табиий – ижтимоий ҳодисалар, чунончи, пайғамбар ва подшолар ҳаётидаги воқеаларга ҳам боғлиқ бўлган. Аммо бир сутка ва бир йилда оламнинг чархпалак айланишини рақамлар билан ифодалашда йилни сутка билан рационал, бутун сон ёрдамида ўлчаш ҳануз муаммолигича қолмоқда.

 

Ер Қуёш атрофида 365 кун 6 соат 48 дақиқа 46 сонияда бир марта айланиб чиқса, 6 соатдан ҳар тўрт йилда 1 кун чиқариб, бу кабиса йилни 366 кун деб осонлаштирилади, лекин барибир ўша 48 дақиқаю 46 сония муаммолигича қоляпти. Бу масала Фарғоний замонидан то бугунгача ҳам илм-фанда ҳали ечимини топмаган. Умуман, тақвим муаммосини ижобий ҳал этиш учун БМТда махсус комиссия бир неча йилдан бери ишлашига қарамай, ҳали бирор натижага келингани йўқ. Самовий жисмлар ҳаракатини Ньютон ва Лаплас масса ҳаракатининг динамикаси шаклида, Кеплер геометрик-кинематик йўсинда баён этишган бўлса, Фарғоний жадваллар тарзда изоҳлаган. Азимутлар, юлдузлар, алмукантаратлар, параллеллар, радиуслар, эклиптика, сферик фалакиёт ва сферик тригонометрия жадваллари шу жумладандир. Ўша вақтларда олам манзараси келгусида қандай бўлиши, яъни, Ой ва Қуёш тутилишларини олдиндан айтиб беришнинг ягона усули мана шу жадваллар эди. Жадвалнинг фазилати унинг жонли мушоҳадага ундовчи табиатидир. Қонуниятнинг юқорида тилга олинган шаклларига график, статистик, интуитив, мантиқий усуллар ҳам қўшилади. Шундай бўлса ҳам Фарғоний кашф этган қонуниятнинг жадвал усули тобора ривожланмоқда. Маълумки, осмон гумбазида мавҳум тарзда жойлаштирилган меридиан, экватор, эклиптика, азимут, координата ўқлари тизимлари, бурчаклар, нуқталарнинг проекцияларини доира асбобга тушириш анча қулайлик туғдиради. Бу асбоб назариясини ҳам Фарғоний кашф этди. Горизонтал, экваториал ва эклиптик координата тизимларини қабул қилиш, уларни жойлаштириш, сайёраларнинг эпицикл деб аталувчи чизиқлар бўйича, уларнинг марказлари Ер атрофида дерефент номли чизиқлар бўйича ҳаракат қилиши қоидалаштирилди. Аллома бунинг учун сферик учбурчак тригонометрия ёрдамида сферик фалакиётга ва сферик геодезияга ўтди. Косинуслар ва тангенслар сферик теоремаларини яратди. Фарғоний илмий асарларининг XII асрдаёқ лотин тилига таржима қилиниши ва бутун Европага тарқалиши Европа Уйғониш даврининг илмий-ижтимоий омилларидан бири бўлди. Унинг кашфиётларини жаҳонда тинмай ўрганилди, китобларидан фалакиёт соҳасида асосий қўлланма сифатида фойдаланилди. Улар янги-янги илмий кашфиётларга сабаб бўлди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//