Зикир Муҳаммаджонов


15:10 / 04.10.2021 1156 0

 

 1921 йил 1 январда куни Тошкент шаҳрида туғилган.

1938 йили ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида фаолиятини бошлаган.

1962 йили “Ўзбекистон халқ артисти” унвони,

1994 йили “Шуҳрат” медали,

1996 йили “Дўстлик” ордени,

1998 йили “Буюк хизматлари учун” ордени,

2003 йили “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган.

2012 йилда вафот этган.

 

Бир асрдан ортиқ тарихий йўлни босиб ўтган ўзбек миллий театр санъати жаҳонга Маннон Уйғур, Етим Бобожонов, Мария Кузнецова, Маъсума Қориева, Шоҳида Маъзумова, Марям Ёқубова, Сора Эшонтўраева, Лут­фихоним Саримсоқова, Шукур Бурҳонов, Олим Хўжаев, Саъди­хон Табибуллаев каби ўнлаб саҳна дарғалари, юксак истеъдод­ли санъаткорлари билан машҳур. Мана шу узун рўйхатда ўтган асрнинг 30-йилларида театр оламига катта орзу-ниятлар билан қадам қўйган Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Зикир Муҳаммаджоновнинг алоҳида ўрни бор.

Театрнинг бадиий раҳбари Маннон Уйғур ёш актёрнинг ўзига хос истеъдоди ва интилишларини кўриб, уни 1945 йили янги таъсис этилган Тошкент давлат театр институтига таҳсил олиш учун юборади. З.Муҳаммаджонов институтга биринчилардан бўлиб қабул қилинди, ўқишни муваффақиятли тугатиб, театрда фаолиятини давом эттирди. Санъаткорнинг 70 йилдан ортиқ ҳаёт ва ижод йўли бевосита ҳозирги Ўзбек Миллий ака­демик драма театри билан боғлиқ, бу йиллар давомида 100 дан ортиқ турли характердаги образларни маҳорат билан ижро қилиб, эл назарига тушди. Театр саҳнасида қўйилган “Жало­лиддин Мангуберди”, “Шоҳи сўзана”, “Макр ва муҳаббат”, “Юрак сирлари”, “Момақалдироқ”, “Ганг дарёсининг қизи”, “Фурқат”, “Ўғирланган умр”, “Ҳар тўкисда бир айб”, “Алишер Навоий”, “Мирзо Улуғбек” каби кўплаб спектаклларда, “Дилором”, “Али бобо ва қирқ қароқчи”, “Улуғбек хазинаси”, “Навоий” каби кино ва телефильмларда яратган образлари, ўйнаган роллари Зикир Муҳаммаджоновнинг актёрлик маҳоратига кафолатдир.

Зикир Муҳаммаджонов репертуарида миллий ва жаҳон мумтоз адабиётининг, шунингдек, замонавий драматургиянинг энг сара намуналарини кўриш мумкин: Темур Малик (“Жало­диддин Мангуберди”, М.Шайхзода), Деҳқонбой (“Шоҳи сўзана”, А.Қаҳҳор), Фердинанд (“Қароқчилар”, Ф.Шиллер), Горацио (“Гам­лет”, В.Шекспир), Самандар (“Самандар”, А.Мухтор), Беруний (“Абу Райхон Беруний”, Уйғун), Алишер Навоий (“Алишер Навоий”, Уйғун ва Иззат Султон), Синтаро (“Ўғирланган умр”, М.Каору), Едигей (“Асрга татигулик кун”, Ч.Айтматов), Шокир ака (“Кузнинг биринчи куни”, Ў.Умарбеков) сингари образлари ўзбек актёрлик мактаби­нинг ёрқин намуналари сифатида тарихга муҳрланиб қолди.

З.Муҳаммаджонов қатор бадиий фильмларда ижодий биографиясини янада бойитди. Шоҳ Баҳром (“Дилором”), про­фессор Каримов (“Кониют ғорининг сири”), генерал Раҳимов (“Генерал Раҳимов”), Мақсуд (“Фидоий”), Аҳмедов (“Қўқон воқеаси”), Юсуф (“Али бобо ва қирқ қароқчи”) сингари образлар ак­тёр ижодининг янги қирраларини намоён қилди. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг олтин фондидан жой олган “Мирзо Улуғбек”, “Навоий”, “Имон” каби телевидеофильмларда Зикир Муҳаммаджонов бош ролларни ижро этган.

Зикир Муҳаммаджонов 1977–1982 йил­ларда Ўзбекистон Театр арбоблари уюшма­сига раҳбарлик қилди.

З.Муҳаммаджонов моҳир қалам соҳиби эди, унинг санъат ва маданият соҳасига оид мақолалари, миллий театр ва кино санъ­атининг дарғалари тўғрисидаги хотира ва эсселари жамланган “Таъзим”, “Ўзим кўр­ган-билганларим”, “Улуғлар орасида” синга­ри рисолалари нодир маълумотларга бой­лиги билан ҳам қимматли, ноёбдир.

Зикир Муҳаммаджонов фаол жамоат ар­боби, ўз Ватанига, халқига содиқ чинакам ватанпарвар шахс эди. Айниқса, мустақил­лик йиллари қўлга киритилган ютуқлар, бунёдкорлик ишлари, жамиятимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришларни халқимиз­га етказиш мақсадида мамлакатимизнинг турли худудларида аҳоли билан ўтказилган юзлаб маънавий-маърифий учрашувлар­нинг энг фаол иштирокчиларидан бўлди.

Яна ибратлиси, қўш-қўш унвонлар соҳи­би Зикир ака Муҳаммаджонов иззатталабликдан йироқ, ҳамма билан доим самимий муносабатда бўлди. Улуғ ёшларида ҳам таҳририят, театр, таклиф қилинган жойлар­га пиёда келиб-кетиб, йўлда учраган ҳамма билан қадрдондек сўрашарди.

Зикир Муҳаммаджоновнинг кўп йил­лик ҳалол ва самарали фаолияти “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони, “Шуҳрат” медали, “Дўстлик”, “Буюк хизматлари учун” орденлари ҳамда “Ўзбекистон Қаҳрамони” юксак унвони билан тақдирланди.

Рафиқаси Машкура Иброҳимова билан 72 йил аҳил, муҳаббату садоқат билан бир-бирларини қўллаб-қувватлаб турмуш кечирдилар. Оддий, самимий, айни пайтда буюк санъаткор, бебаҳо инсонни Аллоҳ қў­ша-қўша мукофотлар, энг муҳими, мухлис­лару халқининг, авлодларининг меҳру эҳти­ромига муносиб тақдир билан сийлаган бўлса, ажабмас.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш