Анор Маҳмудова


11:10 / 18.10.2021 1291 0

 

1942 йил 2 майда Хоразм вилояти Гурлан туманида туғилган.

1959–1964 йилларда Хоразм давлат педагогика институти физика-математика факультетида ўқиган.

1986 йилдан ҳозирги кунгача Гурлан шаҳридаги 5-мактаб директори вазифасида ишламоқда.

1994 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени,

2004 йили “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланган.

 

Гурлан туманидаги 1-мактабни “Олтин медаль” билан якунлаган Анор Маҳмудова институтни ҳам имтиёз­ли диплом билан тугатади. Ва ўзи ўқиган мактабда, меҳрибон устозлари бағрида педагогик фаолиятини бошла­ди. Ёш муаллиманинг билими, интилишлари, болаларга таъ­лим-тарбия беришдаги меҳру маҳорати тез кўзга ташланди, 1966–1972 йилларда у мактабга тарбиявий ҳамда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлди; 1982 йили туманда тех­ника билим юрти ташкил қилиниб, унга директорлик вазифаси топширилди. 1984 йилда Гурлан Халқ таълими бўлимига му­дира қилиб тайинланди.

Анор Маҳмудова қалбида бевосита болалар билан ишлаш, уларнинг иқтидорини аниқлаб ривожлантириш, ёш авлодни ҳаётда мустаҳкам ўрнини топиб яшайдиган инсонлар қилиб тарбиялаш ва уларга турмушда ҳар дақиқа керак бўладиган математика фанини ўргатишнинг завқи, оҳанрабоси бошқача эди. 1986 йилда унинг илтимосларини инобатга олиб, туманда янгидан ташкил қилинган 6 (ҳозирги 5)-умумий ўрта таълим мактабига директор вазифасига ўтказдилар. Қаҳрамон ҳозирги кунгача шу ерда фаолият кўрсатиб келмоқда.

Директор мактабда ижтимоий-маънавий муҳитдан келиб чиққан ҳолда, дастлаб тарбиявий ишларни кучайтирди. Таъ­лим-тарбияни ота-оналар билан ҳамкорликда олиб бориш жа­раёнида ҳар бир ўқувчининг оилавий шароити яхши ўрганилди. Мактабда спорт ишлари, мусиқа ўқитилиши, китобхонлик ма­даниятини юксалтириш бўйича машғулотлар кенг йўлга қўйил­ди. Ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар билан ўзаро муносабат­да маданиятли, меҳрибон, дўстона муҳит шаклланишига ёрдам берадиган тадбирлар ўтказиш анъанага айланди. Фан тўгараклари соатлари ўқувчиларнинг билимга қизиқишини орттира­диган, билганларини мустаҳкамлаб, кенгайтирадиган машғу­лотларга айланди. Бу эзгу ҳаракат-изланишларнинг самараси сифатида мактаб ўқувчилари орасидан фан олимпиядалари ғо­либлари, спорт турлари, мусиқа, тасвирий санъат бўйича вило­ят ҳамда республика совриндорлари кетма-кет етишиб чиқди.

Анор Маҳмудова доим замон билан ҳамнафас яшайди. Юр­тимиз мустақилликка эришиб, Ўзбекистон жаҳон мамлакатлари сафида ўз қадри, қаддини тиклай бошлаган кунлардан дирек­тор ўқувчиларининг чет тили бўйича билимларини оширишга мустаҳкам бел боғлади. 1996–2004 йилларда Ўзбекистондаги “Тинчлик корпуси” билан ҳамкорликда мактабда 4 нафар аме­рикалик кўнгиллилар ўзбек ўқувчиларига инглиз тилидан са­боқ бердилар.

Айни кунда мактабда фаолият кўрсатаётган олий ва 1-то­ифали инглиз тили ўқитувчилари Шаҳло Матниёзова, Дилфу­за Сотимова, Нилуфар Аллаберганова ўша даврда америкалик

кўнгиллилардан сабоқ олиб бу тилга ихлос қўйган педагоглардир.

А.Маҳмудованинг 2001 йилда ёзган “Миллий истиқлол ғоясини онгимизга сингдириб, қалбимизга пайванд қиламиз” номли рисоласи вилоят ижодкор ўқитувчи­лари танловида 1-ўринни олган.

2002 йилдан бошлаб мактабнинг 8-9-синфларида информатика фани ўқи­тилаётган бўлса-да, Анор Маҳмудова бошланғич синфларнинг иқтидорли ўқувчила­рига айни фандан тўгарак машғулотлари ўта бошлади, натижада математика-инфор­матика фани ўқитувчиси Муҳаббат Ҳаби­буллаева раҳбарлигида ўқувчилар тўрт йил давомида “Компьютер саводхонлиги” бўйи­ча республикада 1-ўрин соҳиблари бўлди­лар. А.Маҳмудова ўқувчилари билан 2004–2008 йилларда яратган “Оддий касрларни ўрганамиз” номли электрон дарслик юқори баҳоланди ва 2008 йил 8 октябридан Халқ таълими вазирлигининг Ахборот таълим порталига жойлаштирилган.

Тажрибали педагог фаолияти даврида кўплаб ҳалол, ишчан, касбига масъулиятли ва садоқатли шогирдлар тарбиялади. Улар орасида элу юрт ишончини оқлаб, донг та­ратиб меҳнат қилаётган оилапарвар, ва­танпарвар турли касб эгалари, фан номзод­лари, фан докторлари кўп.

Анор Маҳмудова жуда ҳалол, жонкуяр, меҳри дарё, қалби мунаввар Устоз. Ҳозирда ҳам мактаб жамоасининг севимли ва меҳри­бон, айни пайтда талабчан раҳбари; ўқитув­чилару ўқувчилар уни ҳам раҳбар сифатида, ҳам онасидек ҳурмат қилади, ардоқлайди.

Анор Маҳмудова ўз синфдоши Азамат Ҳабибуллаев билан ҳаёт йўлини боғлага­нига 56 йил бўлди. Уларнинг 4 фарзанди, 16 нафар невара-чевараси бор. 2 ўғиллари техника фанлари номзоди, 2 қизлари мате­матика фани ўқитувчилари, 6 нафар невара магистратурани аъло баҳоларга, 1 нафари Президент стипендияси совриндори бўлиб тугатган. Қолган неваралари ҳам турли олий ўқув юртлари талабалари.

А.Маҳмудова 2004 йили “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланган. “Ватан, халққа сидқидилдан хизмат қилиш – бурчимиз”, дейди қатъият билан Анор опа.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш