Ибройим Юсупов


11:10 / 25.10.2021 1421 0

 

1929 йили 5 майда Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида таваллуд топган.

1949 йили Қорақалпоқ давлат педагогика институтини битирган.

1961–1988 йилларда “Амударё” журналининг бош муҳаррири, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, “Эркин Қорақалпоғистон” газетаси бош муҳаррири бўлган.

1992 йилда Ўзбекистон халқ шоири.

1994–2000 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат марказига раислик қилди. “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, Бердақ номидаги давлат мукофоти соҳиби.

“Эл-юрт ҳурмати”, “Дўстлик” орденлари билан тақдирланган.

Қорақалпоғистон Республикаси мадҳияси матни муаллифи.

2004 йили “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган.

2008 йилда вафот этган.

 

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ижоди XX асрнинг ик­кинчи ярми XXI аср бошларидаги қорақалпоқ адаби­ётининг ёрқин саҳифаларини ташкил этади.

Шарқ ва мумтоз адабиётимиз, рус ва жаҳон адабиёти дур­доналари билан яқиндан танишиб, улардан бадиият сирла­рини ўрганган Ибройим Юсуповнинг илк ижодий намунаси – “Ватаним” шеъри эълон қилинган пайтдан умри охиригача чоп этилган “Бахт лирикаси”, “Кунчиқар йўловчисига”, “Ўй­лар”, “Етти наво”, “Дала орзулари”, “Кўнгил кўнгилдан сув ичар”, “Тўмарис”, “Илҳом”, “Ташвишларга бой дунё”, “Тузли шамоллар”, “Умр, сенга ошиқман”, “Ҳар кимнинг ўз замони бор”, “Булоқлар қайнайди”, “Олтин қирғоқ”, “Саҳро орувлари”, “Чўл тўрғайи”, “Раҳмат сенга, замоним!”, “Қора тов” шеърий тўпламлари қорақалпоқ ва ўзбек адабиётининг гўзал наму­налари бўлиб қолди. Улардан шоирнинг достонлари ҳам жой олган. У бир қатор пьеса ва публицистик мақолаларнинг ҳам муаллифи.

Ибройим Юсупов Алишер Навоий, Ҳофиз ғазаллари, Умар Ҳайём рубоийлари, А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, Т.Шевчен­ко, Байрон, Гёте асарларини қоракалпоқ тилига юксак маҳо­рат билан таржима қилиб, миллий адабиётни бадиий-ғоя­вий, шаклий жиҳатдан бойитди. Асарлари ўзбек, рус, қирғиз, туркман, қозоқ, украин, белорус, грузин, латиш, болгар ва бошқа халқлар тилларига таржима қилинган.

Шоирликни маънавий ҳаёт, машаққатли меҳнат, ғурур деб билган ижодкор мустақиллик замонига етишиб, унга хизмат қилиш насиб этганидан қувониб ижод этди. “Замондошлар кўнглига ёқиш, юрагига йўл топиш – шоир учун энг азобли ва ардоқли иш”, дер эди шоир.

Бугун Тошкент шаҳрининг қоқ маркази – Адиблар хиёбони­да улуғ шоирнинг ҳам ҳайкали қад кўтариши бетакрор истеъ­дод соҳиби Ибройим Юсупов ҳамда қорақалпоқ элига кўрса­тилган чуқур эҳтиром рамзидир.

Ибройим Юсупов – қорақалпоқ шеъриятида муҳташам мак­таб яратган бетакрор сиймо. Шоир тил орқали адабиётни, ада­биёт орқали тилни бойитди, халқ дунёқарашини кенгайтириб, қалбларга гўзаллик, меҳру муҳаббат уруғларини қадади. Шоир бадиий поэтикаси, ўзига хос образ яратиш усули, китобхонни кенг мушоҳадага чорлаши билан қорақалпоқ адабиётида поэ­зия жанрини янги чўққиларга олиб чиқди.

Ватан, туғилган масканга муҳаббат ижодкорнинг энг се­вимли мавзуларидан эди. Шоир “Кегейли”, “Қора тол”, “Толли жағисдаги эсга олишлар”, “Туғилган ер”, “Овул, овул!”, “Тол бў­либди толлари” каби шеърларида Яратганнинг инъоми – қўним топган жойига садоқати, ифтихорини, муҳаббатини ифодалай­ди.

Ибройим Юсупов умуминсоний ва миллий қадриятлар­ни уйғун ҳолда образли қилиб ифодалайди. Шоирнинг лирик қаҳрамони учун Ватан тушунчаси жуда муқаддас. У Ватан деганда бутун Ўзбекистонни тушунди. “Ўзбекистон”, “Навоийга”, “Мен Тошкентни соғинаман кўрмасам”, “Қизинг гўзал бўлсин, шоира бўлсин”, “Мустақиллик майдонидан ўтганда” ва бошқа кўплаб шеърларида Ўзбекистон диёрини са­мимий, қайноқ муҳаббати билан тараннум этди.

Шоирнинг кўпгина асарларини миллий хулқ-атвор, менталитет, урф-одат, анъана­ларнинг шеърий тимсоли сифатида ҳам кўрсата оламиз. Қоратол, чўгирма, қўбиз, саксовул сингари қадриятларни улуғлаган шоирнинг номи ҳам абадийлик касб этди.

“Шеър, айниқса, сулув соз билан хуш овоз тил топишиб, қалбдан нидо берса, инсонни ҳам илҳомлантиради, ҳам йиғлатади, ҳам юпатади, ҳаётга ошуғ этади, яшашга ундай­ди. Замондошлар кўнглига ёқиш, юрагига йўл топиш – шоир учун энг азобли ва ардоқ­ли иш. Шоирлик – менинг маънавий ҳаётим, машаққатли меҳнатим, ғурурим. Бу кунда эса эл қатори янги замонга – мустақиллик айёмларига етишиб, унга хизмат қилиш на­сиб этганидан қувонаман”, дер эди ардоқли шоир Иброҳим оға.

У халқимизнинг ёрқин келажагига ўзи­ни ҳам, ўқувчиларини ҳам ишонтира олди. Шоирнинг мустақиллик йилларида ёзган шеърлари сатрларига жо бўлган фахр-ифти­хор туйғулари ўқувчилар қалбида Ватанга, она-халққа муҳаббат туйғуларини улғайти­ради.

Халқимиз шоир номини доим юксак эҳтиром билан тилга олади, эътироф этади. У яратган асарлар авлодлар учун тарбия ва ибрат мактаби бўлиб хизмат қилаверади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш