Абдуғани Абдуллаев


09:11 / 12.11.2021 1047 0

 

1953 йил 25 июнда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида туғилган.

1970–1972 йилларда Қўқон қурилиш билим юртида ўқиган.

1972 йилдан Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси.

2001–2013 йилларда Республика “Усто” ижодий уюшмасининг Қўқон бадиий ишлаб чиқариш корхонаси ёғоч-ўймакор устаси.

1999 йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвони,

2006 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган.

2017 йилда вафот этган.

 

Яккатут – Яйпану Қўқон ўртасида Сўх дарёси ирмоғи­даги кўҳна қишлоқлардан. Моҳир усталари довруғи қадимдан нафақат водий, бутун Мовороуннаҳрга та­ралган. Халқ орасида шундай лутф юради: бу кентда уста кўп­лигидан барча дов-дарахтлар уй-иморат, масжиду мадраса тиклашга, йўлу кўприклар қуришга ишлатилиб, биргина қад­ди букик “буқоқ”лари бўртган улкан тутгина қолганидан қишлоқ номи – Яккатут...

Абдуғани ана шундай устаю устозадалар қишлоғида туғилди. Ўрта мактабни битириб, Қўқон шаҳридаги маиший хизмат тех­никуми қурилиш бўлимини тугаллаётган кезлари раҳматли онаси ёлғиз ўғлини халқ устаси Қодиржон Ҳайдаровнинг ол­дига олиб боради. Юз-кўзлари ёниб, мийиғида кулиб турган бу йигитча уста Абдулланинг фарзанди эканини эшитган машҳур ўймакор уни шогирдликка олди.

Қонида бор эмасми, ёғоч ўймакорлиги сирлари, нозигу но­дир қирраларини Абдуғани тез илғаб ўргана бошлади. Қодиржон Ҳайдаров ўта талабчан, бу касбни енгил-елпи ўзлаштирмоқчи бўлганларга тоқати йўқ, лекин касбга меҳрли, меҳнату изланиш­дан қўрқмайдиганларни қўллаб-қувватлайдиган олийҳиммат устоз эди. Абдуғанининг интилиши, сабр-тоқати, ҳар қандай чизги, гулга ижодий ёндашиши устозга жуда маъқул келди, кўҳна ҳунар сирларини майдалаб, ўн йил давомида ўргатди.

Уста Абдуқодир Ҳайдаров ёғочга жилолар бахш этишида Қўқон миллий ҳунармандчилиги, ёғоч ўймакорлиги санъати­нинг таъсири катта эди. Ҳатто у қўқонлик усталар ХVII асрда тайёрлаган хунармандчилик буюмларини Европага, Парижга олиб бориб намойиш этган, шунданми, уни Ҳайдар фаранг деб аташган экан. Абдуғани устози ва унинг шогирдлари тайёрлаган буюмлар, устунлар, эшиклардаги ислимий нусхалар, нақшлар, жилоларни илғаб, ўзининг ижодида фойдаланади. Ислимий нақшлар ота-боболаримиз кашф қилган Бобурий ва ислимий ёзувларга ўхшаб кетади. Абдуғани Абдуллаев минг йиллик ислимий услубларини ривожлантириб, асраб-авайлаб, келгуси авлодларга етказишни устози Қодиржон Ҳайдаровнинг васи­ятидай эъзозлади, шогирдларига ҳам ўргатди. Бу услубда­ги нақшлар чароғон кунда нурлар билан бахслашаётгандай, бир-бирини тўлдираётгандай, кўркам нақшлар қуёш нурлари билан уйғунлашиб кетгандай туюлади.

Уста Абдуғани ҳар гал маълум ишни бошлашдан олдин нақшбоп дарахт излаб Сирдарё ва Жиззах чўлларида, Зомин ўр­монларида, Шоҳимардон тоғларида... 25–30 метрлик адл дарахтлар ўсадиган ерларни пиёда кезиб чиққан. У қайси ҳудудларда шундай дов-дарахтлар ўсишини, қанча муддатда етилишини, уларни қачон кесиш кераклигини яхши биларди.

Бундан чорак аср муқаддам Гулистон шаҳрида вилоят те­атри биносининг нақшинкор эшик ва панжараларини Абдуғани ака шу қадар жозиба ва назокатли қилиб ишладики, бино ма­даният ва маънавият қасри бўлиб қолди. Шундан кейин Қарши шаҳридаги драма театрининг эшиклари, қўшни Тожикистоннинг Исфара шаҳри ҳамда Чимёндаги сиҳатгоҳлар устанинг гулдек қўлидан оройиш, гўзаллик, кўркамлик топди.

Абдуғани Абдуллаевнинг оналари Ҳур­матой хола устанинг падари бузруквори киндик қони тўкилган туман маркази – Яйпанда бир ажойиб чойхона бунёд этишни орзулаб ўтганини кўп такрорларди. Яйпан­нинг марказида бунёд этилган, одамлар “Ва­тан ичра ватан” деб атайдиган нақшинкор чойхона ўғилнинг ота орзуларига садоқа­ти рамзи, кекса отахонларга туҳфаси бўлиб қолди. Шундан сўнг маҳорати, иқтидори довруғи Марказий Осиёга тарқалган ҳунар­мандни қозоғистонлик усталар Туркистон­даги буюк аждодимиз, Пири авлиё – Ҳожа Аҳмад Яссавий мақбараси ва хилхонасини тиклаш ишларига таклиф қилишди. Ясса­вий ҳазратларининг маҳобатли мақбараси­да қўқонлик устазодаларининг санъатлари ороланиб турибди.

Мустақиллик саодати қарийб бир асрга яқин номлари, асарлари қора рўйхатларга маҳкум этилган буюк аждодларимиз – алло­малар, олимлар, мутафаккирлар, ҳадис илми султонлари номию асарларини халққа қай­тарди. Уларнинг мерослари тикланиб, топ­талган мангу хобгоҳлари обод зиёратгоҳлар­га айлана бошлади. Ҳадис илми устози Имом Бухорийнинг Самарқандда бунёд этилган улкан мажмуасидаги барча ишларга уста Абдуғани Абдуллаев бош-қош бўлди. Бу ер­даги 74 та устунга ўзи шарқона услубда зебу латофат нақшлади. Аҳмад Фарғоний, Бурҳо­ниддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий мажмуалари, пойтахтимиздаги “Шаҳидлар хиёбони” ёдгорликларини бунёд этишда уста шогирдларига бош бўлди.

Устанинг бир одати – қаерда бўлса, эски масжидлар, ёдгорликларни шошилмай ай­ланар, агар қаровсиз нақшинкор устун, ҳовузак, шарапа кўриб қолса, сотиб оларди. Устахонасида кичкина музейи ҳам бор.

– Ахир бу устунлар, эшиклар, панжараларга устозларнинг меҳри, кўз нури тўкилган, – дерди шогирдларига. – Уларнинг кўпчилигини Қўқон атрофидаги қишлоқлардан, эски масжидлар­дан, баъзиларини тупроқ остидан кавлаб ол­ганман. Балки буларнинг қай бирида раҳматли отам ва шогирдларининг қўллари тафти, искана, тешаларининг излари қолгандир...

Абдуғани Абдуллаевни Германиянинг Ганновер шаҳрида ҳам яхши билишади: бу ердаги ўзгача файзли Ўзбекистон чойхона­сининг нақшинкор устунлари, маҳобатли эшикларини уста тайёрлаб берган. Пойтахт­даги Миллий боғда қад ростлаган Тошкент шаҳар музейи биносининг ҳар бири 6 метрли 36 та устун, осмон гумбазини эслатадиган 16 та ҳовузак, 250 метрли пештоққа ўрнатилган шарапалар халқ устаси ва шогирдларининг мустақиллик байрамининг ўн беш йиллик тўйига совғаси бўлди. 16 та ҳовузакда 40 мингта ёғоч детал жамланаркан. Яна бир эъ­тиборли жиҳати – осмон гумбази ва ундаги минглаб юлдузларни эслатадиган бу ҳовуза­кларни устанинг катта ўғли Жаҳонгир ясаган.

Фарзандлари Жаҳонгир, Баҳодир ва кен­жа ўғли Абдуқодирлар отаси, бобосининг касблари, ҳунарлари, анъаналари давомчи­лари эканликларини уларнинг ишлари 2003 йилда Францияда ўтказилган халқ ҳунар­мандлари Бутунжаҳон кўргазмасида олий мукофот – Гран-прига лойиқ топилгани ҳам тасдиқлаб турибди. Ҳозир бу сулола вакиллари тайёрлаган ҳунармандлик намуналари Хитой, Финландия, Покистондаги музейлар­да сақланяпти.

Ўзбекистон халқ устаси Абдуғани Абдул­лаев Ватан ободлиги, халқ маънавий-мада­ний-маърифий жиҳатдан юксалиши, мил­лий қадриятлар ва ноёб ҳунармандчилик анъаналарини келгуси авлодга етказишга муносиб ҳисса қўшди. Аждодларга садоқат ва авлодларга муҳаббати, мустақил Ўзбекистон шарафини олам аро юксалтириш йўлидаги меҳнат, ижод, изланишлари билан умр китобини безатди – халқ устаси, Ватан Қаҳрамонининг ибрат мактабини яратди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш