Суйима Ғаниева


16:11 / 15.11.2021 1170 0

 

1932 йили 20 февралда Тошкент шаҳрида туғилган.

1947–1952 йилларда Ўрта Осиё давлат университетининг шарқ факультетида таълим олди.

20 дан ортиқ китоб ва рисолалар, юзлаб илмий мақолалар муаллифи.

1992 йилда “Беруний” номидаги давлат мукофоти,

1999 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени,

2008 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени,

2015 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.

2018 йилда вафот этган.

 

Суйима Ғаниева мумтоз адабиётимизни ўрганиш ва тарғиб этишга оид илмий тадқиқотлари орқали, шу­нингдек, кўплаб шогирдлар етиштирган етук олима, меҳрибон устоз сифатида нафақат ватанимизда, чет давлат­ларда ҳам машҳур.

Олиманинг мумтоз шеъриятнинг зукко билимдони бўлиб шаклланишида у камол топган оиланинг таъсири катта бўлди. Отаси Ғанижон Турсунов адабиёт ва санъ­ат шайдоси, онаси ҳазрат Навоий, Машраб ижодини му­каммал билган маърифатли Сорахон ая Суйима Ғание­ванинг интилишларига катта эътибор билан қарадилар. Тиришқоқ ва зукко Суйима 1946 йили ўрта мактабни битиргач, Ўрта Осиё давлат университети шарқ факуль­тетида эрон-афғон филологияси ихтисослиги бўйича таъ­лим олди. 1953-1956 йилларда Ленинград давлат уни­верситети шарқ факультети аспирантурасида ўқиб, 1956 йили “Мажолис ун-нафоис”нинг III ва IV мажлислари ил­мий-танқидий матни ва адабий таҳлили” мавзуида ном­зодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Ҳазрат Навоийнинг ижоди ва ҳаёт йўли О. Шарофидди­нов, Е. Бертельс ва С. Айнийларнинг бундан анча илгари босилган монографияларида маълум даражада атрофли­ча ўрганиб ёритилган эди. Олиманинг дастлабки “Али­шер Навоий” китоби булардан фарқли ўлароқ, Навоийнинг сермашаққат ҳаёт йўли, изланишлари, адабий-илмий ҳамда давлат ва жамоат арбоби сифатидаги фаолияти­нинг оммабоп услубда баён этилиши, янги манбалардан фойдаланилганлиги билан ажралиб туради.

Суйима Ғаниева 1956–1959 йилларда Ўз ФА Тил ва адабиёт институтида кичик илмий ходим, илмий котиб, катта илмий ходим лавозимларида ишлади. Шу йилларда у “Ўзбек адаби­ёти тарихи” (15 жилдли), “История узбекской литературы” (2 жилдли), Навоийнинг насрий асарлари (13 асар) ва назмда ёзилган 3 асарининг нашр этилишида фаол иштирок этди.

Унинг Алишер Навоий ҳазратларининг дастхатини Теҳроннинг “Ҳоки Гулистон” номли музей фондидан Вата­нимизга келтиргани миллатимиз, адабиётимиз равнақи йўлида қилинган эзгу ишлардан, муҳим ютуқларимиздан бири бўлди. Россия, Чехословакия, Эрон, Туркия, Хитой дав­латларида бўлган халқаро анжуманларда қилган маъруза­лари дунё илм аҳли томонидан катта қизиқиш ва эътибор билан эътироф этилган.

С. Ғаниева адабиётшунос, шарқшунос, таржимон, ман­башунос ва матншунос олима сифатида 20 дан ортиқ китоб ва рисолалардан ташқари, турли тўплам, журналларда 120 дан ортиқ мақолалар ҳамда сўзбошилар, вақтли матбуотда 300 га яқин мақола ва тақризлар эълон қилди. Навоийнинг насрий асарлари, жумладан, “Мажолис ун-нафоис”ни тадқиқ этишга ки­ришган олима изланишларини асосан қўлёзма манбаларга асосланиб олиб борди.

1970 йилдан Ўзбекистон давлат кон­серваториясида, 1990 йилдан Тошкент давлат шарқшунослик институтида фао­лият юритди.

1991–1996 йилларда Ўзбекистон Мил­лий университети ўзбек филологияси факультетида ҳазрат Навоий ижодидан мах­сус маърузалар ўқиди. Олиманинг ҳар бир дарсини инсон маънавияти, маданиятини юксалтирадиган, ўзликни англатадиган алоҳида китоб дейиш мумкин эди.

Суйима Ғаниева чет элларда ҳам ўзбек мумтоз адабиёти, жумладан, улуғ Али­шер Навоий асарларининг умумбашарий ғоялари, ўзига хосликларини тарғиб қил­ган. Асарлари Россия, Япония, Эрон, Ҳин­дистон, Индонезия каби мамлакатларда нашр этилган.

Суйима Ғаниеванинг ҳазрат Алишер Навоий меросини тадқиқ этишга бағишланган асарлари дунё мамлакатларида нашр қилинган ва илмий жамоатчилик томонидан эътироф этилган. Буюк шо­ирнинг жаҳон адабиёти маънавиятининг дурдоналаридан бўлган асарлари асрлар оша авлодларга хизмат қилади, демак, тадқиқотчи олиманинг изланишлари ҳам шу баробарида Навоий маҳзанидан баҳра олмоқчи бўлган муҳлисларга камарбаста бўлаверади.

Олиманинг ҳаёти ва ижоди ҳақида адабиётшунослар, шогирдлари томонидан китоблар, мақолалар ёзилган. Филология фанлари номзоди, профессор Суйима Ға­ниеванинг илмга, қадриятларга садоқати, миллий адабиётнинг нуфузи, мавқеини юксалтириш баробарида халқимизнинг бой маданиятини дунёга тараннум этиш борасидаги фидойилиги авлодларга ибрат бўлиб қолади.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш