Ўн икки нафар боланинг кафт излари туширилган сурат 22 миллион сўмга сотилди

Сақлаш
11:02 / 22.02.2024 616 0

Тошкент шаҳар ёшлар ижодиёт марказида гематологик ва онкологик касалликлар билан курашаётган болалар чизган суратларнинг кўргазмаси ҳамда аукциони бўлиб ўтди. Анъанавий тадбир “Сен кучлисан” лойиҳаси томонидан ташкил этилган.

 

Аукционда энг юқори нархда сотилган сурат ўз рекордини янгилади. 12 нафар бемор боланинг кафт излари акс этган мазкур сурат оғриқли тарихга эга. Ҳозирда 12 нафар боланинг бир нафари тирик, холос. Қолганлари оғир касалликлар билан курашиб бирин-кетин нобуд бўлган.

 

Афсуски, ҳар йили минглаб болаларга гематологик ва онкологик касалликлар ташхиси қўйилади. Кўргазмада 150дан зиёд болаларнинг 1000 га яқин ўз қўллари билан яратган буюмлари, чизган расмлари намойиш этилди.

 

 

Аукционда анчайин камчилик қатнашиб, суратлардан сотиб олди. Улар орасида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ҳам бор. “Лойиҳа ташаббускорлари фаол фуқаролар. Улар қаердадир катта лавозимда ўтирган амалдорлар эмас, оддий инсонлар. Яъни ён-атрофда бўлаётган ҳодисаларга, инсонлар дардига бефарқ бўлмаганлар. Уларга раҳмат айтаман. Ҳар ким ҳам вақтини, маблағини сарфлаб хайрия ишларига қўл урмайди. Тадбир ноанъанавий бўлибди. Биринчи марта қатнашиб, сурат сотиб олдим. Ишончим комилки, бу маблағлар ўғир дард билан курашаётган болаларга сарфланади”, дейди у.

 

 

Лойиҳа ташаббускорларидан бири Аброр Зоҳидов билан ҳам суҳбатлашдик:

 

 

Тадбиримизда иккита рекорд қайт этилди. Шу пайтгача энг кўпи 800тача расм қатнашган бўлса, бугун 1000 дан зиёд суратлар яъни умидлар иштирок этди. Суратларни чизган болалар умид билан нима бўларкан, сотилармикан деб кўз тикиб туришибди. Иккинчи рекорд эса бу “Умид” номли суратимиз 22 миллион сўмга сотилди. Савол туғилиши табиий – қолган суратлар нима бўлади? Биламизки ҳаммаси ҳам сотилмайди. Бугун сотувдан тушган маблағларни ҳамма муаллифларга тенг тақсимлаб берамиз. Бундан мақсад: ҳеч бир бемор бола ноумид бўлмасин.

 

Биз хоҳлардик кўпроқ одам келишини ва фаолроқ бўлишини. Бугун аукционда 15-20 та одам фаол қатнашди. Нима ҳам дердик борига шукур, шунчалик эътибор қаратиб, қатнашганлари учун ҳам.

 

 

Яна бир масала, жамоамиз имкониятлари чекланган. Волонтёрларнинг асосий иши бошқа. Вақт ва техник томонлама ҳам имкониятларимиз чекланган. Келгусида лойиҳани такомиллаштиришни режалаштиряпмиз, албатта.

 

 

Диёра Абдужабборова, Facebook фаоли:

 

 

Кўргазмада иккинчи марта қатнашишим. Лойиҳа саҳифаларини кузатиб, улашиб бораман. Бу лойиҳага ҳаётларни ёритиб борувчи умид чироғи деб баҳо берган бўлардим. Болаларни ижод қилишга, ҳис-туйғуларини муҳрлашга кўмак бериш билан бирга улардан хотиралар ҳам яратяпти. Ҳар бир суратнинг ўз тарихи, ҳикояси борлиги эса инсонни янаям ўйга толдиради, мулоҳазага чорлайди. Бундай тадбир ташкил этилгани шахсан мени жуда қувонтирган, болалар оламига кириш, дардларини баҳам кўриш, бироз бўлсада хайрли ишга қўл уришга жуда яхши имконият.

 

 

Лойиҳа кенг қулоч ёзаётган бўлсада ҳамон унга қизиқувчилар кўп эмас. Ижтимоий фаоллар бундай тадбирларни қўллаб-қувватлаши, суратлар сотилиши, болаларга янада кўпроқ ёрдам ва эътибор беришга ҳисса қўшишлари керак. Давлат ташкилотларининг ҳам иштироки ва қўллови таъминланса (Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги) айни муддао.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси