Бир қоп ун


Сақлаш
20:01 / 09.01.2022 5 3902

Бир ўзбек Финландияга ишлагани бориб, ун тегирмонига ҳайдовчи бўлиб ишга киради. Катта машинада тонналаб юкларни у ёқдан бу ёққа ташиб юриб, шопиримиз бир ҳолатга эътибор қилиб қолади: пишириқ қиладиган фабрикага унни олиб борса, ҳеч ким ун тўла қопларни санаб олмаяпти, ҳеч ким қоғоз-қалам қилмаяпти. Шунда хаёлига келган режасидан "Қандингни ур, шопирбола", деб хурсанд бўлиб кетади.

 

Эртасига, айни иш буюрилган куни "Ким билиб ўтирибди, шунча қоп ундан икки қопини уйга тушириб кетсам?" – деб уйига тушириб ҳам кетади. Аммо европаликлар биз ўйлаганчалик анойи эмас экан: ҳамма жой компютерлаштирилган, ҳисоб бўйича маҳсулот чиқмаган. Пишириқ фабрикаси дарров тўполон-жанжал қилмасдан, шартнома шартини бажармаган тегирмонга, факс жўнатган.

 

Тегирмон хўжайини барча ишчиларни йиғиб дала-дўмбара қилмасдан, айнан шопирболани чақириб, тушинтириб гапирган:

– Фалончи, нима бўлди? Олиб борган юкингиз кам чиқибди-ку?

Шопиримиз олдиндан тайёрлаб қўйган баҳонасини айтибди:

– Йўллар ўйдим-чуқур бўлса, билмасам, тушиб қолган бўлса, бордир.

Хўжайин ўйланиб туриб:

– Майли, ишлаб тургин-чи, кўрамиз, – деб, бошқа жойларни тафтиш қилиб кетибди.

 

Кечга яқин шопиримизни чақириб, уриб-сўкмасдан:

– Фалончи, бугун бирга кетамиз. Машинага икки қоп унни юклаб олгин, – деб буйруқ берибди (аслида илтимос қилган).

Икковлон йўлда икки қоп унни ташлаб кетишибди. Шопиримиз ҳайрон бўлиб сўрабди:

– Жаноб, нега унни йўлга ташлаб кетяпмиз?

– Бир дўстимга керак экан, шунга. Уйигача олиб бормаймиз, ўзи қачон келса, олиб кетади.

 

Шопиримиз кейинги кунлари юк ташиш асносида қизиқиб ўша йўлдан юрар эмиш-у, ҳеч ким ҳалиги унларни олиб кетмасмиш. Бир кун ўтибди, икки кун ўтибди, учинчи кун хўжайин шопирни чақириб,

– Ҳалиги икки қоп унни олиб келайлик, дўстимга керак бўлмай қолибди, – депти.

Шопир унни машинасига юклаб бўлгач, хўжайин шопирдан сўрабди:

– Мана, шу икки қоп ун очиқ жойда уч кун турди. Мен ҳайронман, сенинг машинангдан тушиб қолган ун қаёққа кетди экан-а?

 

Шу жойида шопирнинг аҳволини тасаввур қилиб кўргандирсиз? Хўжайин шопирга қараб, "Энди мен сени қаматаман. Ҳеч қаерга ишга олмайдиган қиламан. Кейин олдимга ялиниб келасан", дейиш ўрнига "Энди бу ишингни қайтиб қилма", деб айтибди, холос.

 

 

    Саидакрам Абдураҳмонов

5 Изоҳлар

Shoxnur

06:01 / 01.01.1970

Demokratiya va yuqori darajadagi turmush tarzi va halollik. Finlandiyada ta'lim to'g'ri yo'lga qo'yilgan. Barchasi shuni me'vasi. O'g'ri zehniyatli inson bo'lish uchun albatta yaxshigina muhtojlik va faqirlikda yashash lozim.to'kin sochinlik nimaligini bilmaydigan jamyat felan va ma'nan o'g'riligicha qolaveradi.

Yuldasheva Gulasal

06:01 / 01.01.1970

Бир замонлар бизнинг юртда ҳатто қулф бўлмаган. Буни Анзират бувини кўрганлар ҳам эслайди. Қанийди халқимизнинг ўша замонлардаги виждонини уйғота олсак...

Qumri

06:01 / 01.01.1970

Insonlar yomon bolib tugilmaydilar ularni yomon muhit ozgartradi.Halol mehnat insonni uluglaydi.

Rasulbek Bobomurodov

06:01 / 01.01.1970

Mening buni o’qib ancha achinish tuyg’usi jo’sh urdi. Qachonlardir uzbek xalqini xam uy atrofi devor oʻralmas edi. Bu fakt. Oʻg’ri xam boʻlgan doʻkondan tashqarida yuklar xam sochilib yotgan lekin tegilmagan insoniy qadriyatlarimiz bor edi. Uni yana uyg’otish kerak yoshlarimizdan boshlab

Abdurahmon

06:01 / 01.01.1970

Qaniydi bizning xaqimiz ham shunday bo'lsa edi.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

15:05 / 07.05.2024 0 206
Омад ёш танламайди



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 3962
Илк ватан

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 3903
Бир қоп ун

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3306
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 2974
Ўқиш пули

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2605
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2471
Туғилган кун

Қомус

10:04 / 19.04.2023 0 2450
Жадидчилик