Опамни ахтариб


Сақлаш
16:12 / 14.12.2023 0 290

Саҳарлаб супадан онамнинг жекириги эшитилди:

...қайдаса-ан? Бияққа қара-а!..

Чопиб чиқдим:

Ҳов, ая?!

Ай, анов, опангди партиги (“фартуги” – шева. “Этак”, “чойшаб” маъносида) қоп кетипти-ку! Пахтани нимага теради, энди?.. Ма, чо-оп, орқасидан! Ҳали узоққа кетмагандир...

 

Дарвоза тутқичини тутганимда, миямга “лоп” урилди: “Телефон!” Ўша тезликда изимга қайтиб, уйга кирдим. Телефонимни токдан суғуриб қарасам, қуввати энди эллик фоиздан ошибди: “...палакат! Ойлик олай-да, бир-ринчи сени баҳрингдан ўтаман!..” Тўнкарилиб қолган шиппагимни тепиб ўнглаётганимда, онам алағда тикилиб турарди. Кўчага қадамим тегар-тегмас онамнинг овози қулоғимни қувиб етди:

— ...мачитти олдига бориб бақи-ир! Эшитиб қайтади, узоққа кетмаган бўса!

 

Масжиднинг олдида йўл иккига айрилади: бири кунчиқарга – жарга, бири кунботарга – “Можор”га (қўшни қишлоқ) қараб кетган. “Можор” чегарасидаги чорраҳада “Damas”лар теримчиларни тепага, қирлар этагидаги пахтазорларга ташийди. Пулга, албатта. Опамлар ўша тарафга кетишгани аниқ бўлса-да, ҳар икки йўлниям қўйиб, масжид ортидаги сўқмоқни танладим. Онам айтгандай бақиришнинг нафсизлигини кимсасиз кўча бесас “айтиб” ётарди. Телефон устига телефон қилавериб, асабларим чарчади – ўчиқ. Турқим тиришиб, ғўлдираб бораман: “...нокерак пайтда ёниқ, керак пайтда ўчиқ телефонни боридан йўғи яхши!”

 

Сўқмоқ катта лоток ариққа етиб тугайди. Ариқ кўпригидан ўтиб, дашт йўлига тушдим. Орқаю олдимга олазарак кетяпман: “...боягина кетишганди-ку, шу-унча узоқлашишга улгурдими! Йўлкирага кетадиган шу тўрт минг сўмниям тежаб, пиёда бориб келяпмиз, деганди. Аёлларнинг майда қадами унмасди-ку, унча?” Телефоним экранидаги соатга кўз ташлаб қўяман: “...ишга кечикмасам бўлди!”

 

– ...ассалому алайкумдан бошлайман ҳар бир сўзимни!, – ортимда вилосипедли кишининг келаётганини кўргандиму кимлигига разм солмабман. Беш яшарликда танишганимиз, синфдош ҳам қўшни жўрамнинг отаси Ғулом ака экан. Хиёл димоғда, кесатиброқ гапиради. Кесатиқлари тагдор, бир жойингни ўпирмасдан ўтмайди. Лекин ўзи яхши одам: ҳалол, меҳнаткаш, тиними йўқ. Эсимни танибманки, забойда, оҳактош конида ишлайди. Оғир иш: уззу-кун ҳарсангга кувалда урасан, лом урасан, пона қоқасан, тош бўлакларини тўплайсан, юк машинасига ортасан, кейин оласан пулингни... Бир замонлар беш-олти кун чиқиб, товбамга таянганман. Бу одамнинг эса умри шу меҳнатда ўтди, ҳисоб. Қизларини ўқитди, узатди, ўғлининг ҳам маълумотини олий қилиб, ишга жойлади, уйлантирди. Ва, мана, ҳануз ўша оҳактош конига, ўша велосипедида йўл тортяпти. Ҳа, Пахтачининг пешанасига шу тоғу тошларнинг борига шукур. Йўқса юртдаги ялпи ишсизлик касрига бу элни ўғрию ғар босиб кетарди.

 

– ...ваалайкум ассалом!, – етиб келиб, вилосипеддан тушди. – Аҳа-а, бемаҳалда, бияққа қараб?

Қўлимда тугилган фартукни кўрсатиб, муддаомни маънилатдим. Ошнамнинг отаси уловидан қандай ошиғич тушган бўлса, шундай шошиб минди яна:

...майли, чарчама!

Тезлашиш ўрнига секинлашди, нарироқ бориб. Тўхтади. Сўл оёғи ерда, эгарда осиғлиқ қолган ўнг оёғи тиззасига қўлини қўйиб, ярим ўгирилди менга:

Қайси фермерда теряпти, опанг?

Санжарда..?

Аниқ шундама ё...

Шунда, ака, шундамиз деганди...

Ғулом ака боз индамай, эгарга ўтирди. Мен-да индамадим: “...йўлимиз бошқа экан”.

Ариқ лабидаги йўл тугаб, Нарпай канали узра ўтган катта йўлга ўтдим ҳамки, опам кўринмасди. Камига телефоним ҳам хайр-маъзурни насия қилиб, ўчди-қолди. Минғирлаб ўзимни овутган бўлдим: “...яхши бўлди, ана энди бор диққати фақат йўлга қадалган чин йўловчисан!”

 

Икки ёни симтикан билан иҳоталанган темир йўлга яқинлашиб борардим. Ёнгинамда “ўтарава”лар  ўтиб-қайтади. Аксари “Damas”у мотоцикллар: “Урал”, “Минск”, “ИЖ”... Ҳар ўтган “Damas”га син соламан: “...шунисининг ичидадир, балки, опам?” Хаёлимда ана-мана биттасининг тормоз чироқлари чўғдай ёнадию эшиги “ғур-р-рт” сурилиб, опам сакраб тушадигандек... Ва менга сари ҳадаҳалаб келадигандек: “...зарилмасиди шу, ука, шеригимди ортиқча партиклари кўп. Бир амаллардим, ука. Ишинг нима бўп кетти сени?! Валсапид-палсапид топилмадима битта?! Чарчаб кетгандирсан?.. Шопир ака, укамди уйга оббориб қўйинг? Мана, пули. Биз шу ердан тушамиз. Пиёда юрсагам ўлмаймиз. Гўрам қомади ўзи. Ўтир, укашим...” Опамдан кутса бўлади буни. Кўнмасам, йиғлаб ҳам беради: куппа-кундузи, ҳамманинг кўзи олдида...

Талаба эдим. Опам Бўкага пахта теришга борди. Қайтишда ҳамроҳларига кутиб туришларини тайинлабдию шаҳарга, менинг олдимга шошибди. Ҳали дарсларим тугамаганди. Шунинг учун опамни, танаффус пайтини мўлжаллаб, тўғри факултетга бошлаб келдим. Қизлар кўпроқ эди, ўқишимизда: бир-биридан сулув, бир-биридан оппоқ, бир-биридан кибор қизлар... Опамни улар билан йўл-йўлакай таништирарканман, чаноқлар тилиб ташлаган қўлларини қаёққа яширишини билмаётгандек қимтинарди. Чарақлаб сўрашаётган сабоқдош қизларнинг чарос кўзларию лўппи юзларига ҳайрат ила, анқайиб-танқайиб қарарди. Қўзғолган қовоғари уясидай вағиллаётган синфхонага кирдиму “Танишинглар, бу менинг опам!”, дедим баралла. Олд партадаги қизлар “Ў-ў-ў!”, деб ўринларидан туришди. Ўзларига хос “салом-алик”ка ўтишди. Қайси қучоқлаган опамни, қайси ўпган... Курсдош жўралар эса сипогина ияк қоқишарди: “...саломалайкум, опа, яхшимисиз?” Дарс бошланди. “Вағир-вуғур” тинай демасди. Қарасам, опам, бошини ушлаганча, менга мўлтираб ўтирибди. Жавоб сўрадигу чиқиб кетдик. Йўл устида, тушлик баҳона, чойхонага судради. Гарчи таомномадаги энг арзон емишни кишибехабар буюртма қилган эсам-да, шунгаям опагинамнинг бир кунлик терган пахтасининг пули кетдиёв. Чойхонадан чиққач, бозорга борайлик, деб қолди опам. Уйдагиларга ул-бул олмоқчидур-да, тусмоли билан автобекатга етакладим. Автобусчи томга одам ортмадиям, хайрият. “Отчопар” бозорида сулайиб автобусдан тушдик. Ур-сур бозор расталари аро менга нимадир тутқазди, опам: “...кийиб кўрчи?” Жемфер экан. Керакмас, дедим (“...неччи кунлик пахта пули экан, нархи?!”). Опам боз ундади. Боз бош чайқадим. Опам ялинишга тушди. Сўнг ёлворди. Сўнг... йиғлади. Ит эгасини танимайдиган, таниса-да тан олмайдиган шаҳарнинг гавжум бозори ўртасида, ҳеч кимга ва ҳеч нарсага қарамасдан, “ҳўнг-ҳўнг” йиғларди. Иложсиз олдиму қўлтиққа урдим. Опам уйдагиларга оларини олдию ҳамроҳлари олдига ошиқди. Хайрлаша туриб, мени маҳкам бағрига босаркан, кўзларининг ёши қуримаганини кўрдим. Катта йўл ёқасида ёлғиз ижарахонамга қайтарканман, янги жемферни қаттиқ қучган кўйим елкаларим титрарди. Энди мен йиғлардим...

 

Темир йўлдан ўтадиган дарчага етиб келиб тўхтадим. “Damas”лар пайдар-пай аёлларни “тўкарди”. Опам кўринмасди ҳануз. Битта-иккитасидан Санжар фермернинг ерини сўрагандим, кунчиқарни кўрсатишди. Ўша ёққа қайрилдим. Эски разъезд ўрнидан, симтиканларни кўтариб ўтишаркан, одамлар. Шундай, тайин йўл бўлмаса, “йўл”ини очволади йўловчи. Ажабки, одамларни тезюрар поезд эмас – тирикчиликнинг шиддати кўпроқ чўчитади. Илло, қанчасининг оёғини кесиб кетди поезд. Қанчасининг подасини сочиб кетди... Бирда ўғринча, бирда тўғринча ўтаверишади, релслар устидан.

Ўзим ҳам энгашиб ўтдим. Тутқатор бўйлаб бордиму... саноқсиз аёллар қий-чуви фонидаги пахтазордан чиқдим. Қидирганим фермер даласи шу экан: ғўзалари калта-калта, жўякларини ўт босиб ётарди. Опам кўринмади. Қаторбергич хотин пилдираб кеп қолди. Ниятимни уққач, олдимга тушди: “...юрингчи, у бошидадир майдонни!” Пахтазор биқинидаги шудгорда лўккиллаб борамиз. Хотиннинг даҳани дам билмайди. Менинг эса хаёлларим. Аҳёнда ғўлдираб қўяман:

– Ишга кечикдим-да...

– Менга ташлаб кетаверинг унда, ўзим бериб қўяман?, – деди “Қаторбека” олдинда бораётиб.

Йўғей, хола, раҳмат. Бўлари бўлди энди. Ўзига топшириб кетаман...

– Дала ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олинг, бўмаса. Пахталаримизни кўринг!

Кўряпман... Қачондир нимадир ёзарман ҳам, балки...

– Ёзувчимисиз?

– Шунга яқинроқ.

– Мен ҳақимда ёзинг, мана! Маҳаллакомман, асли. Ўн уч тонна пахта топширдик, мисол учун...

Шу уч кундами?

Бир кунда-а. Кечанинг ўзида!

Ха-а...

 

Опамнинг қораси кўринмасди, ҳеч ерда. Пахтазорни ўрталадик. Қаторбергич хотин теримчи аёллар узра овоз қўйиб, опамни чақирди. Бирови бошини кўтармади. Беш-олти аёл қатор сўраб кеп қолдию қаторбергич ўзи билан ўзи андармон бўп қолди. Сўқмоқдан ўзим кетдим, уёғига. Бирда-яримда бош кўтариб қолганидан опамни сўрайман. Елка қисишади. Пахтазор тугаёзиб қолди ҳамки, опамни... таниганни топмадим, ҳатто. Эгнимга илашмаган ўтми-тиканак қолмади, бу орада. Майдон тугаб, тутқаторларга, ундан йўлга чиқдим. Бошқа пайкаллар, бошқа фермернинг ерлари сарҳадида серрайиб қолгандим. Пахта ғўзалари қирларга, қирлардан ошиб уфққа туташиб кетганди. Олис-олисларда кимлардир эгилиб-букилар, пахтага мук тушганди. Шуларининг биттасидир опам?.. Тоқатим тугади. Бу юртнинг чегараси бор, аммо пахтасининг адоғи йўқ. Қайтдимей!

 

Гоҳ ўзимни яниб, гоҳ опамни койиб, гоҳ пахтазорини ўтоқ қилдирмаган фермерни сўкиб... уйга қайтардим. Ярим йўлда телефонимни “зўрлаб” ёқишим ҳамоно жиринглади: “Опам!”

...алло, ука, мен уйдаман! Тез қайт!.. Бўлди, қизишма... Аям мени ўйлаб сени юборган, сен аямди ўйлаб кўнгансан, мен ҳаммани ўйлаб уйга қайтдим. Бор гап шу...

 

Телефоннинг ҳам, менинг ҳам уним ўчди. Иккинчими-учинчи курс маҳалим, қишда уйга келганим ёдимга ёпирилди, негадир. Опам ишда, шаҳарда экан. “Кетиб қома, ука, эртага рухсат сўраб бораман!”, деди телефонда. Бироқ мен эртаси кун тонггидан Тошкентга отландим. Опамга бир оғиз ҳам айтмадим, бу ҳақида. Оқибатда, бехабар опам, қош қорайганда кириб келибди, ҳаллослаб. Йўқ, аввал қишлоғимизда “Қизил уй” деб донг таратган тамаддихонага борган, шаҳардан қайта-қайта. Иккита иссиқ нон, қайноққина шўрва олган. Обдан ўратган. Ва қўлларида авайлабгина, ҳув-в, ўша тамаддихонадан, пиёда опкелган. Тун бўйи ёмғир эзиб ёғиб чиққанди. Йўллар лой, кўлмак кўп... Дарвозадан кирибоқ, мени сўраган: “...укам қани? Шўрва совиб қолади. Иссиққина ичиб олсин!”

 

Шербек БОБОҚУЛОВ

Фото: Абдуманнон МУҲАММАД

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Қатра

10:04 / 16.04.2024 0 141
Велосипед

Қатра

14:04 / 08.04.2024 0 122
Тошбақанинг хатоси

Қомус

12:03 / 14.03.2024 0 164
Ҳушёрлик

Қомус

11:03 / 14.03.2024 0 162
Ҳурфикрлик



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 3738
Бир қоп ун

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 3697
Илк ватан

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3178
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 2896
Ўқиш пули

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2509
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2354
Туғилган кун

Қатра

16:01 / 01.01.2022 0 2201
Қўнғироқ