Ҳурфикрлик


Сақлаш
11:03 / 14.03.2024 0 242

Ҳурфикрлик – маънавий камолот белгиси, муайян ақидаларга эътиқод, эркин фикр юритиб, бирон-бир ғояни мутлақлаштиришга қарши бўлган, маънавий тазйиқларни инкор қилувчи ва ҳақиқатга эришиш йўлида ақлга асосланувчи ижтимоий тафаккур йўналишини ифода этувчи тушунча. Ҳурфикрлик тарихан турли шаклдаги ақидапарастликни танқид қилишда намоён бўлган. Масалан, антик дунёда коинот ва осмон жисмларининг ўзгармаслиги, Қуёш, Ер, Ой, юлдузларнинг ҳаракатланмаслиги тўғрисидаги ақидалар мустаҳкам ўрин эгаллаган эди. Кейинроқ уларга қарши Птоломейнинг Қуёш ва Ойнинг Ер атрофида айланиши тўғрисидаги ғояси пайдо бўлди. Бу ҳол турли ихтиро ва кашфиётларга туртки бўлиб, астрономик кузатишлар олиб боришга имконият яратган эди. Улуғбек астрономияси ҳам ана шу ғоя асосига қурилган бўлиб, кўплаб кашфиётларга сабаб бўлган. Кейинроқ Ер коинот маркази экани тўғрисидаги ғоя ақидага айланди, черков томонидан ҳақиқат деб қабул қилинди ва мутлақлаштирилди. Бу эса кейинчалик ҳурфикрликнинг аста-секин кучайишига, кўплаб кашфиётлар, янги-янги сайёралар, коинот сирларининг кашф этилишига олиб келди.

 

Ўрта асрларда ошкора руҳдаги атеизм ёки атеистик кўринишдаги ақидалар камроқ кузатилган бўлса-да, айрим ҳурфикрлик ҳаракатлари мавжуд бўлган. Буни поп ва монахлар, черков авторитаризми, диний догмалар ва аскетизм танқидида кўриш мумкин. Жамият ривожланган сари атеизм аниқ мафкуравий йўналиш негизига эга бўлиб борган. У айрим кишиларнинг виждон эркинлиги, эътиқоди доирасидан чиқиб, кўпроқ муайян мафкуравий мақсадларни назарда тута бошлаган. Материалистик фалсафа ва илмий атеизм зўр бериб тарғиб этган тарихни материалистик тушуниш ғояси орқали диний эътиқод, диннинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни, диний қадриятлар ҳам мутлақо инкор этилган. Динга қандайдир «афюн» сифатида қаралган. Унга қарши атеистик кураш, тарғибот ва ташвиқот олиб борилган. Охир-оқибатда динга, соғлом эътиқодга қарши қаратилган ана шундай мақсадлар асосида атеистик мафкура коммунистик мафкура билан топишади, бир-бирини тўлдиради. Инсоният ижтимоий-сиёсий тараққиёти давомида ишонч, сабр-тоқат, қаноат, нафсни тийиш каби фазилатлар орқали иродасини мустаҳкамлаб борган. Бундай ирода кўринишлари мусулмон цивилизациясида ҳам, христиан цивилизациясида ҳам, бошқа диний маданиятлар тарихида ҳам мавжуд бўлиб, фанда бу ҳодиса аскетизм сифатида эътироф этилади. Аскетизм бориб-бориб айрим шахсларни илоҳий қобилиятга эга бўлган каромат соҳиблари сифатида илоҳийлаштириш, исломда эса мол-дунёга, моддий неъматларга иккинчи даражали деб қараш ҳолатларига олиб келди.

 

Аскетизм – бирор нарса билан машғул бўлиш эвазига зоҳидлик йўлини тутиш, яъни моддий бойликлардан имкон қадар камроқ фойдаланиб, қаноат қилиб яшаш демакдир. Аскетизм инсонни сабр-тоқатли бўлишга чорласа-да, шахснинг эркин ижодий фаолиятига монелик қилади. Нақшбандия таълимоти вакиллари бунга йўл қўймаслик, шахснинг бунёдкорлик фаолиятини ривожлантириш учун «Дил ба ёру, даст ба кор» (Кўнглинг – Аллоҳда, қўлинг – ишда бўлсин) деган ғояни тарғиб этган. Бу эса инсонни таркидунёчиликдан тийиб, ҳар икки олам саодатига эришишни ўйлаб, тўлақонли фаолият юритишни назарда тутади. Демак, аждодларимиз жамият манфаатларини ифода этадиган ҳукмрон ғоя ва қарашлардан келиб чиққан ҳолда, барча даврларда ҳам халққа тўғри йўл кўрсатишга интилиб келганлар. Ҳурфикрлик нафақат илмий ва диний, балки ижтимоий ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида хилма-хил тарзда намоён бўлади. Унинг ақидапарастликдан энг асосий фарқи – янгилик ва тараққиётга интилишдир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

15:05 / 07.05.2024 0 206
Омад ёш танламайди



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 3962
Илк ватан

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 3904
Бир қоп ун

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3307
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 2974
Ўқиш пули

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2605
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2471
Туғилган кун

Қомус

10:04 / 19.04.2023 0 2451
Жадидчилик